Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
БИТИРУВЧИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
Тадбирлар / 2023-04-04

Очиқ мулоқот

Бугун 4 апрель куни Олтинсой туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида тумандаги 1-ва 2-сонли касб-ҳунар мактаблари ҳамда педагогика коллежини битираётган ёшлар билан соҳа раҳбарларининг очиқ мулоқот тарзидаги учрашуви бўлиб ўтди. Уни мазкур таълим маскани психологи Матлуба Султонова олиб борди.

 

Тадбирда сўз олган Олтинсой туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Хайрулла Қосимов, Ёшлар агентлиги туман бўлими раҳбари Аслиддин Хуррамов, туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Шароф Худойбердиев, 1-сонли касб-ҳунар мактаби директори Абдурасул Тошмуродов, 2-сонли касб-ҳунар мактаби директори ўринбосари Чори Шукуров, педагогика коллежи директори ўринбосари Зикрилла Қодировлар битирувчи ёшларни Президентимиз томонидан яратилган шарт-шароитлар, имконият ва имтиёзлар билан таништиришди ҳамда олий ўқув юртига ўқишга бориш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик ва бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш борасида йўл-йўриқ кўрсатдилар.

 

Туман ҳокими ўринбосари Хайрулла Қосимов ёшларга мустақил ҳаёт йўлида ўз муносиб ўринларини эгаллашлари борасида туман раҳбарияти доимо энг яқин маслаҳатчи ва кўмакчи эканлигини билдирди ва исталган пайтда мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидлади.

Ёшлар агентлиги туман бўлими раҳбари Аслиддин Хуррамов битирувчи ёшларни маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан мустаҳкам алоқада бўлишларини, уларнинг телеграм каналига аъзо бўлиб, ёшлар бандлигини таъминлаш, иқтидорини рўёбга чиқариш борасидаги таклиф ва янгиликлардан хабардор бўлиб туришларини айтиб ўтди. Шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмак бериш учун Ёшлар агентлиги томонидан кўрсатиладиган кўмак, субсидия, йўлланма ва имтиёзлар турлари билан таништирди.

Шундан сўнг таълим масканлари раҳбарларининг ҳам шу мазмундаги мурожаатларидан кейин, сўз навбати ёшларга берилди. Битирувчи ёшлар очиқ мулоқот чоғида ўзларини қизиқтирган барча саволларга раҳбарлардан батафсил ва жўяли жавоблар олишди.

Битирувчи Самандар Йўлдошевнинг ўз-ўзини банд қилиш учун чорвачиликни ривожлантиришга қанча миқдорда кредит олиши мумкинлиги борасида саволига Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари Аслиддин Хуррамов бу мақсадда 30 миллион сўмгача кредитни гаровсиз олиши мумкинлигини билдирди. Шу билан бирга Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ёшларга кўрсатиладиган 20 турдаги имтиёзлар билан битирувчиларни таништириб ўтди. 

Жорий йилда тумандаги 2-касб-ҳунар мактабини 130 нафар, 1-касб-ҳунар мактабини 173 нафар, педагогика коллежини эса 93 нафар кундузги ва 85 нафар сиртқи бўлим талабалари битиришади.

Шу куни битирувчилар учун 1-сонли ҳунар мактабида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Ёшлар келгусида ўзларини қизиқтирган касблар ва бўш иш ўринлар ҳақида мутахассислардан атрофлича маълумот олдилар.

— Ярмаркада битирувчи ёшлар учун 200 та бўш ўринлари таклиф этилди, — дейди туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғининг ўринбосари Алимардон Ашуров. — Ўтказилган меҳнат ярмаркасида 80 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Мулоқот давомида ёшларни ўйлантираётган барча муаммоларга ечим изланди, янги ғоя ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди.

Абдуғаффор ОДИНАЕВ.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
23 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?