Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
АҲОЛИ ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛМОҚДА
Тадбирлар / 2021-10-06

Юртимизда ўтаётган «Кексалар ҳафталиги»да Олтинсой туманида ҳам кўп хайрли тадбирлар ўтказилмоқда.

Бугун, 6 октябрь куни мазкур ҳафталик доирасида «Жобу» маҳалласидаги 4-умумий ўрта таълим мактабида туман Тиббиёт бирлашмаси ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида яқин ҳудуддаги маҳаллалар аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ушбу хайрли тадбирда Термиз шаҳридан келган вилоят Эндокринология шифохонаси бош врачи Каромиддин Мелиқулов раҳбарлигида 21 нафар турли  мутахиссисликка  эга малакали шифокорлар иштирок этди. Уларга туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муртазо Раҳмонов бошчилигидаги олтинсойлик ҳамкасблари ҳам қўшилишди.

Шунингдек, мактаб ҳовлисида вилоятдан келган кўчма рентген, офтольмология  ва «УЗИ» тиббий машиналари аҳолига кун бўйи бепул тиббий хизмат  кўрсатди.

Тиббий кўрик давомида кекса ёшдаги фуқаролар, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ҳамда 3-4-гуруҳга киритилган тиббий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган эҳтиёжманд оила аъзоларига алоҳида эътибор қаратилди.

Туман Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Юсуф Ҳакимов ҳам тадбирда иштирок этиб, малакали шифокорлар билан бирга уйда ётиб қолган беморлар хонадонига бориб, улар билан аҳволлашди. Малакали шифокорлар беморларга зарур муолажаларни белгилашди.

— Олис қишлоқлардаги кекса инсонлар ҳолидан хабар олиш учун мана шундай кўчма тиббий гуруҳларни, билимдон врачларни юбораётган муҳтарам Президентимиздан бениҳоя миннатдормиз,  —дейди «Жобу-1» маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Чори бобо Бозоров. – Инсон учун энг муҳими, унга кўрсатилаётган эътибордир. Эътибор ва эҳтиром бор жойда инсоннинг кўнгли тоғ янглиғ юксакларга кўтарилади, меҳр кўрган киши ҳар қандай дарддан тезда фориғ бўлади.

Эл соғлиги — юрт бойлиги, дейдилар.

Ибн Сино ворислари  бўлган моҳир шифокорлар томонидан ўтказилган тиббий кўрик, муолажалар, бепул дори-дармонлар — халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, дардманларга тезроқ кўмак бериш, юртдошларимиз орасида меҳр улашиш каби эзгу ниятларни жамлаганлиги билан янада аҳамиятлидир.

                                     

Ўз мухбиримиз.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?