Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
ТОҒАЙ МУРОД ТАВАЛЛУДИНИНГ 76 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНДИ  

Маънавий-маърифий тадбир

Бугун, 3 февраль куни Олтинсой туманидаги “Тоғай Мурод маҳалла маркази”да ёзувчи таваллудининг 76 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Олтинсой тумани ҳокими ўринбосари Хайрулла Қосимов, туман нуронийлар Кенгаши раиси Юсуфхон Ҳакимов, “Халқ ва ҳаёт” газетаси Бош муҳаррири Нормурод Темиров, адибнинг қавм-қариндошлари, ҳамқишлоқлари иштирок этдилар.

Дастлаб раҳматли адибимиз Тоғай Мурод хотирасига Саъд ибн Ваққос жомеъ масжиди имом-хатиби Шарифхон Яҳёев томонидан Қуръон тиловат қилинди. 

 Мазкур тадбир Олтинсой тумани ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ташкил этилди. Ушбу тадбирда Тоғай Муроднинг сафдошлари, дўстлари,  ёзувчи-шоирлар, меҳнат фахрийлари, таълим муассаcалари ходимлари ва  ёшлар қатнашдилар.

Тоғай Мурод асарларидан парчалар келтирилган кўргазмалар эса ёзувчининг севимли асарларини тадбир иштирокчиларининг ёдига солди.

Тадбирни Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси бош мутахассиси Даврон Қушиев кириш сўзи билан очди ва адибнинг ижодий фаолияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Байрам ўтказилаётган зал Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод суратлари, асарлари, гуллар ва шарлар билан байрамона билан безатилган.

Шундан сўнг сўзга чиққан 43-мактабнинг она тили ва адабиёт фани  ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби  Умбар Жалилов, Олтинсой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати гуруҳи раҳбари, шоир Тўрамурод Раҳмонов, адиб Асқарали Ҳайбилов ва бошқалар Тоғай Мурод ҳақидаги азиз ва унутилмас хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Маънавий-маърифий тадбирда Тоғай Мурод асарларининг халқчил ғоялари, асар тили, воқеийлиги, уларда мустақиллик соғинчи ифодаланганлиги,  адиб асарларида она халқимизнинг эзгу орзу-умидлари мужассамлиги ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбирда 43-мактаб жамоасидан Меҳринисо Юсупова, Тўлқиной Раҳмонқуловалар  Тоғай Мурод асарларининг бадиий-ғоявий хусусиятлари  борасида сўзладилар.

Тоғай Мурод бир пайтлар таҳсил олган 43-мактаб  ҳамда ҳудуддаги 54-мактаб ўқувчилари Тоғай Мурод ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи чиқишлар билан барчани хушнуд қилди.

Айниқса, Тоғай Мурод асарларининг бош ғояси бўлган миллий урф-одат, қадриятларимиз, халқимизга хос ғурур, ориятни ифода этувчи саҳна кўринишлари тадбирга ўзгача файз киритди.

Тадбир якунида Тоғай Мурод ҳаёти ва ижоди ҳақида чуқур маълумотлар тўплаган ҳамда унинг асарларидан парчалар ёд олган  фаол қатнашчиларга “Фахрий Ёрлиқлар” берилди.

Туман Маданият бўлими санъаткорлари иштирокидаги қўшиқлар, “Қирмизи” фольклор-этнографик ансамблининг шўхчан лапар ва рақслари  ҳам адабиёт байрамига ўзгача файз бағишлади.

 

А.ОДИНАЕВ,

О.СОДИҚОВ олган суратлар.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?