Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Гиёҳвандлик аср вабоси
Қонунлар / 2024-05-06

Гиёҳвандлик бу аср вабоси. Инсон учун эса энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Ислом динида ҳам инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.

Ҳозирги кунда судлар томонидан ушбу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг ҳаракатини квалификация қилишда бир қанча хато-камчиликлар юзага келмоқда.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Узун туман туман судининг 2023 йил                          24 ноябрдаги ҳукмига кўра, М.С.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,273-моддасининг 5-қисми билан ЖКнинг  57-моддасини қўллаб 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ЖКнинг 60, 61-моддаларига қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йил  3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суднинг ҳукмига кўра, М.С.Б. 2023 йил 3 сентябрь куни соат 13:30 ларда ИИБ ходимлари томонидан Узун туман марказий шифохонаси маъмурий биносининг орқа томонида фуқаро Х.Б. тегишли “Спарк” русумли автомашинанинг орқа ўриндиғида ўтирган пайтда шубҳали ҳаракатлари сабабли, эгнида бўлган кийимлари шахсий тинтув қилинганда, кўк рангли жинси шимининг орқа чап томон чўнтагида бир дона “Кент” номли сигарет қутисининг ичида оқ қоғозга ва алоҳида икки дона қора целлофан пакетга ўралиб, келгусида ўтказиш учун махсус ўлчамларда қадоқланган умумий оғирлиги 1,68 грамм “героин” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Судланган М.С.Б. келтирган шикоятида айбига қисман иқрорлиги ва пушаймонлигини билдирган ҳолда, ўзи наркомания билан касалланганлиги сабабли доимий равишда гиёҳвандлик воситалари истеъмол қилиб келиши, гиёҳвандлик воситаларини ўзи истеъмол қилиши учун ёнида сақлаб келганлиги, ўтказиш ёки сотиш мақсади бўлмаганлиги, шу сабабли қилмишини Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,273-моддасининг 5-қисмидан ЖК 276-моддаси 2-қисми “б” бандига қайта квалификация қилишни сўраган.  

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил
28 апрелдаги “Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 12-сонли қарорининг
6-бандида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаш деганда, шахснинг бундай восита ва моддаларга қонунга зид равишда эгалик қилиши (шу жумладан шахсан истеъмоли) билан боғлиқ қасддан содир этилган ҳаракатлари (ёнида, бинода, махфий ер ва бошқа жойларда сақлаши) тушунилиши лозимлиги, бунда шахс қанча вақт давомида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаганлиги аҳамият касб этмаслиги; 

25-бандида айбдорда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказишга (ЖК 273-моддаси биринчи, иккинчи, учинчи, бешинчи қисмлари) қасд мавжудлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда, судлар бундай восита ёки моддалар ҳақиқатдан ўтказиш мақсадида тайёрлаб қўйилганлигига оид далиллар мажмуидан келиб чиқишлари лозимлиги, бундай далилларга, масалан, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар фақат истеъмол қилинишини истисно этадиган миқдорда топилганлиги, бундай восита ёки моддалар муайян дозада (ўлчамда) қадоқланганлиги, улар ташиш ёки жўнатишда махсус махфий жойга яширилганлиги, уларни тайёрлаш учун асбоб-ускуналар мавжудлиги, экспертизанинг айбдор гиёҳванд эмаслиги тўғрисидаги хулосаси ва ҳ.к.лар кириши ҳақида тушунтиришлар берилган.

Шу асосларга кўра, Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича кассация инстанцияси 2024 йил 18 апрель кунидаги ажрими билан суд ҳукмини ўзгартирилиб, М.С.Б.нинг жиноий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,273-моддасининг 5-қисмидан ЖК 276-моддаси
2-қисмининг “б” бандига қайта квалификация қилиниб, ЖКнинг 60, 61-моддаларига асосан унга узил-кесил 4 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки, гиёҳвандлик оғир иллат. Ушбу иллатга қарши курашишимизда барчамиз маъсулмиз. Одил судловни амалга ошириш жараёнида ушбу турдаги жиноят cодир этган шахсларнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш ҳам муҳим омил саналади.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддаси                                    4-қисмида, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги;

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 7-моддасида, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузатилиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланиши кераклиги;

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 8-моддасида, жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклиги;

Ушбу Кодекснинг 54-моддасида, суд жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини, айбдорнинг шахсни ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиши лозимлиги қайд қилинган.

 

 

 

 

Сурхондарё вилоят суди

судья катта ёрдамчиси                                         Б.Нормуродов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?