Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Уюшган жиноятчилик тушунчаси
Қонунлар / 2023-10-27

 

 

Уюшган жиноятчиликни криминология фанида илмий-назарий жиҳатдан ўрганилишига бўлган қизиқиш асосан ўтган 20-асрнинг
70-80-йилларига тўғри келади, чунки айнан шу даврларда уюшган жиноятчиликнинг аломатларини жиноят қонунчилиги нуқтаи назаридан дастлабки илмий ва ҳуқуқий баҳолашлар юзага келганини кўриш мумкин. Бу борада, мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан айнан уюшган жиноятчиликка қарши кураш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва шу мақсадда давлат бошқарув органлари тизимида махсус органлар ҳамда хизмат соҳалари тузишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати органлари тизимида уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашда фаолият кўрсатувчи бўлим ва бўлинмалар ташкил этилган.

Уюшган жиноятчиликка қарши курашда жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилиш ва уюшган жиноят­чиликнинг олдини олиш ва унга йўл қўймасликни таъминлаш давлат сиёсатида алоҳида ўрин тутади. Уюшган жиноятчилик ва умуман гуруҳ бўлиб жиноят содир этиш биз учун янгилик эмас. Бу ижтимоий иллат юзасидан тадқиқотлар олиб борилган ва олиб борилмоқда. Айнан шу тадқиқотлар асосида ўтган асрнинг 80-йилларида олимлар қилган илмий башоратлар ўз исботини топмоқда. Яъни, уюшган жиноий гуруҳларнинг тижорат ва бизнес соҳасида қарор топиши оқибатида аҳолининг кўпчилик қисми ўзи англамаган ҳолда уюшган жиноий гуруҳлар хизматидан фойдаланишларини жаҳон миқёсида ҳам кўриш мумкин. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Франция, Германия, Буюк Британия, Болгария, Венгрия, Польша каби бир қатор давлатларнинг қонунчилигида айнан уюшган гуруҳлар хусусида алоҳида нормалар қайд этилмаган бўлса-да, айнан, турли жиноий банда, террористик ташкилот ёки ассоциацияларда ва гиёҳвандлик воситаларини ғайриқонуний равишда ўтказиш бўйича ташкил этилган бизнес гуруҳлари таркибида иштирок этиш, яъни иштирокчилик қилишга нисбатан қатъий нормалар белгиланган. Россиялик олим А.И.Гуровнинг фикрича, “уюшган гуруҳ” жиноятчи шахсларнинг ўз жиноий мақсадларига эришишлари учун ташкил этган оддий алоқаларини билдиради. Бу каби гуруҳларда гуруҳ аъзоларининг аниқ вазифалари аввалдан режа асосида тақсимланган бўлади. Жиноий гуруҳлар сифатида киссавурлик, хонадон ўғриликлари, гиёҳвандлик воситаларини сотиш билан шуғулланувчи гуруҳларни кўрсатиш мумкин.

Мамлакатимизда уюшган жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатларни юзага келтирмаслик мақсадида, 1995 йил 1 апрелдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексида (кейинги мантларда ЖК ва ЖПК деб юртилган) «Жиноятда иштирокчилик» тушунчаси аниқ ифодаланди. Хусусан, ЖКнинг 29-моддаси 4-қисмида, «Икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориши учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ деб топилади» деб кўрсатилган. Шунингдек, ЖКнинг 242-моддаси
1-қисмида, “Жиноий уюшма ташкил этиш, яъни жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият” назарда тутилган. Шу модда 2-қисмидан, уюшган қуролли гуруҳ тузиш, шунингдек унга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этиш қайд этилган бўлиб, бу жиноятлар жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши қаратилган ўта оғир жиноятлар тоифасига киритилган.

Таъкидлаш жоизки, жиноий гуруҳлар жиноят­чиларнинг муқим тарзда бирикиши бўлиб, бунда гуруҳ аъзолари ўртасидаги вазифалар аниқ тақсимланади ва ўзаро бўйсуниш тизими (иерархия) мавжуддир. Ташкил этилган гуруҳни тан олинган бошлиқ (лидер) бошқаради. Бу каби гуруҳлардаги қатъий бошчиликнинг қуйидагича жорий этилишини кўриш мумкин: бошлиқ гуруҳнинг асосий фаолиятини белгилайди, жиноят­ларни содир этиш режасини ишлаб чиқади ва ҳар бир иштирокчининг бажарадиган вазифасини тақсимлайди. Кўп ҳолларда жиноий гуруҳларнинг тажовуз йўналишлари мулкка қарши қаратилганлиги билан эътиборлидир. Шу боис, вазифалар тақсимланишида, ҳар бир иштирокчининг вазифаси белгиланаётганда жиноий разведка, қўлга киритилган мулкни сотиш, гуруҳ­нинг техник таъминотлари кабиларга алоҳида эътибор қаратилади. Айнан шунга кўра, жиноий гуруҳлар иштирокчиларининг сони белгиланиши ва уларнинг яқин алоқалари мувофиқлаштирилиши ҳамда яширин фаолият (конспирация)нинг таъминланишига қатъий амал қилиниши бу каби гуруҳларга хослигини билиш, улар содир этиши мумкин бўлган жиноятларнинг ўз вақтида олдини олишга имкон беришини унутмаслик зарур. Жиноий гуруҳлар ўзларининг таъсир ҳудудларига эга ва шу каби ҳудудга эга бошқа жиноий гуруҳлар тўғрисида маълумотлар тўплайди. Кўп ҳолларда бундай гуруҳлар турли қурол-яроғларга эга бўладилар ва табиийки, яна бир жиноят таркибига (ғайриқонуний равишда ўқотар қуролларни сақлаш, қуролли гуруҳ тузиш кабилар) кирувчи жиноятларни ҳам содир этадилар.

Уюшган жиноятчилик таркибига кирувчи тушунча турли жиноий ташкилотларни тузиш бўлиб ҳисобланади. Жиноий ташкилот ёки замонавий тилда айтганда «мафия» жаҳон миқёсида қўлланилаётган тушунча сифатида ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари ёки ҳудудларини ўз таъсир доирасида тутиб турувчи ўзаро уюшган жиноятчилар ташкилотидир. Бу каби ташкилотлар асосан террор асосида жиноий фаолият олиб боради. Бундай жиноий ташкилотлар баъзан коррупцияга хос фаолиятлардан фойдаланса-да, аслида «жиноий бизнес»ни амалга оширишда кўпроқ ўз кучи ва воситаларига таянади. Жиноий ташкилотлар ўз фаолиятларини амалга оширишда давлат органлари фаолиятларидан холи тарзда иш кўрадилар.

Мақолани ёзишда интернет маълумотларидан фойдаланилди.

 

Сурхондарё вилоят суди

судья катта ёрдамчиси                                                           Ж.Маматалиев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?