Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Ўғирлик жиноятининг тавсифланиши ва бошқа жиноятлардан ўзига хос хусусиятлари.
Қонунлар / 2023-10-04

Ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ёки ўғрилик иқтисодиёт соҳасидаги энг кенг тарқалган жиноятлардан биридир. Талон-торож қилишнинг барча шакллари ичида ўғрилик жинояти содир этилиш усули жиҳатидан энг хавфи камроғи деб топилиши мумкин: унда жисмоний ёки руҳий таъсир этиш қўлланилмайди; айбдор уни содир этишда ўзидаги ваколатлардан ва мол-мулкни эгаллашда алдашдан фойдаланмайди. Айбдор ҳуқуққа хилоф ва яширин равишда, яъни бошқа шахслардан яширин ҳолда мулкдорнинг хоҳиш-иродасига қарши ўзганинг мулкини ўзлаштиради ва уни ўзининг мулки сифатида тасарруф эта бошлайди.

Бироқ ўғрилик, статистика кўрсатишича, ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг энг кенг тарқалган усулидир ва бу унинг ижтимоий хавфлилигини оширади.

Ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш каби жиноят туркумига кирувчи ижтимоий хавфли қилмиш ҳисобланади. Бу норма Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 169-моддасида белгилаб ўтилган.

Ушбу жиноятнинг объекти мулк сифатида фақатгина ихтиёрий ҳолатдаги ва шаклдаги, иқтисодий қийматга эга бўлган товар-моддий бойликлар, шунингдек, нархнинг умумий эквиваленти сифатида, махсус товар сифатида, бошқа турдаги мулк нархини акс эттирувчи пул ҳисобланиши лозим.

Ҳуқуқий адабиётларда ўғирлик жиноятини жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш мумкинлигини, бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғрилик деб тавсифланиши келтириб ўтилган.

Ушбу жиноятни тавсифлашда талончилик ва босқинчилик каби жиноят туркумларидан фарқлашимиз лозим. Хусусан, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш билан бошланган, лекин жабрланувчи ёки бошқа шахслар томонидан сезиб қолинганига қарамасдан айбдор томонидан мулкка эгалик қилиш мақсадида уларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб қилинган ҳаракатлар талончилик деб баҳоланади.

Ҳужум қилиб ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатганда ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитганда эса босқинчилик деб таъкидлаб, бу каби жиноятларни ўғирлик жиноятидан фарқлашимиз жоиз.

Масалан, И.Б. хавфли рецидивист бўлган ҳолда ўғирлик жиноятини содир қилиб, ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш йўлига кириб, 2023 йилнинг 29 январь куни соат 18:00 ларда Термиз шаҳар, “М” маҳалласида жойлашган Марказий Деҳқон бозорида мавжуд бўлган озиқ-овқат дўкони ёнига бориб, атрофда ҳеч ким йўқлигидан ва унинг хатти-ҳаракатларини бирор-бир шахс кузатмаётганлигидан фойдаланиб, ушбу озиқ-овқат дўконинг ташқи томонидаги деворга суянган ҳолда турган Б.Э.А.га тегишли баҳоси 1.000.000 сўм бўлган 1 дона “Весна” русумли велосипедни яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан қочиб яширинган.

Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг 2023 йил
13 апрель кунидаги ҳукмига кўра, И.Б.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 (беш) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 34-моддаси 3-қисми “б” бандига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган ва жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 24 май кунидаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Бунда судлар судланувчи И.Б.нинг муқаддам судлангани, судланганлик ҳолати тугамасдан янги жиноят содир этгани ва ўғирлик жиноятидаги аломатлар борлигини инобатга олиб, кодексда белгиланган жазони қўйган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ўғрилик учун ўзганинг эгалигида бўлган мулкни олиб қўйиш ҳисобланиб, ўғрилик айбдорнинг мулкка нисбатан тасарруф этиш ва фойдаланиш ҳуқуқидан ташқари бошқа муайян ҳуқуқи бўлган мулкни ўғрилаш ва эгаллашга ҳам қаратилиши мумкин. Шу жиҳати билан ушбу жиноят босқинчилик ва талончилик жиноятларидан фарқланади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати

судья катта ёрдамчиси                                                            Б.Нормуродов

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?