Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув
Қонунлар / 2023-08-24

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-боби алимент тўлаш бўйича келишув деб номланган бўлиб, ушбу бобда алимент тўлаш бўйича келишув тузиш, келишувнинг шакли, келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича нормалар мавжуд.

Алимент тўлаш бўйича келишув битим ҳисобланади ва уни тузган шахслар учун ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келтиради.

Оила кодексининг 130-моддасига кўра алимент тўлаш тўғрисидаги келишув (алимент миқдори, шартлари ва тўлаш тартиби) алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида тузилади. Бундан кўринадики алимент тўлаш бўйича келишувни алимент мажбурияти иштирокичилари ўртасида тузилишига йўл қўйилади. Тарафларнинг яқин қариндошлари ва вояга етмаганлар ўртасида бундай келишув тузилишига қонун йўл қўймайди.

 Агар алимент олувчи муомалага лаёқатсиз бўлса, келишув унинг қонуний вакили билан тузилади.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Алимент тўлаш бўйича келишувни қонунда кўрсатилган шаклига риоя қилмаслик уни келгусида ҳақиқий эмас деб топилишига асос бўлади.

Яьни бундай келишув албатта ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши шарт.

Нотариал тартибда тасдиқланган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ижро варақаси кучига эга бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасида ҳам  алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувлар ижро ҳужжати ҳисобланиши кўрсатилган.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳам ўша шаклда амалга оширилади.

Агарда алимент тўлаш бўйича келишув ўзгартирилганда тарафларнинг мажбуриятлари ўзгартирилган ҳолда сақланиб қолади. Келишув бекор қилинганида эса тарафларнинг мажбуриятлари бекор бўлади.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг бажарилишини бир тарафлама рад қилишга ёки унинг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув бўйича алимент миқдори, тўлаш усуллари ва тартиби шу келишув билан белгиланади.

 

Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг архивариуси Я.Рустамов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?