Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Бир неча жиноят учун жазо тайинлаш
Қонунлар / 2023-07-14

Ҳуқуқий давлат қуришда, аввало, қонунларга таянган ҳолда инсонпарварлик ва одиллик тамойиллари асосида одил судловни амалга ошириш лозимдир. Мазкур тамойилларга тўлиқ риоя қилиш жиноят қонуни талаблари оғишмай бажарилишини тақазо этади. Жиноят қонунида бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш институти мавжуд бўлиб бу норма талабларига риоя қилмаслик юқоридаги тамойилларнинг бузилишига олиб келади. Ушбу қоида бузилишини бартараф қилишда кўмаклашиш мақсадида бир неча жиноят учун жазо тайинлашга оид қоидаларни қисман бўлса-да ҳуқуқшунослар томонидан доимий ёритиб борилиши лозим, ЖКнинг 59-моддасига биноан бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш қуйидаги тартибда амалга оширилиши назарда тутилган:

Шахс жиноят кодекси махсус қисмининг турли моддаларида назарда тутилган икки ёки ундан ортиқ жиноятни содир этган бўлиб, улардан бирортаси учун ҳам судланган бўлмаса, суд ЖКнинг 54-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ ҳар қайси қилмиш учун жазо тайинлаб, сўнгра тайинланган енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш ёхуд тайинланган жазоларни тўла ёки қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича жазо тайинлайди.

Агар жиноятлар мажмуини фақат ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар ташкил этса, унда тайинланган енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш ёхуд тайинланган жазоларни тўла ёки қисман қўшиш йўли билан жазо узил-кесил тайинланади. Бунда узил-кесил тайинланган жазо содир этилган жиноятлардан энг оғири учун назарда тутилган энг кўп жазо муддатидан ёки меъёридан ортиқ бўлмаслиги лозим.

Агар жиноятлар мажмуини ташкил этувчи жиноятлардан лоақал биттаси оғир ёки ўта оғир жиноят бўлса, ЖКнинг умумий қисмида шу жазо тури учун белгиланган доирада тайинланган жазоларни тўла ёки қисман қўшиш йўли билан жазо узил-кесил тайинланади.

Жиноятлар мажмуи бўйича ҳар хил турдаги жазоларни қўшиш йўли билан жазо тайинлашда ЖКнинг 61-моддасида назарда тутилган қоидаларга амал қилиниб, жазонинг оғирроқ тури узил-кесил тайинланади. Жиноятлар мажмуи бўйича тайинланган асосий жазога суд айрим жиноятлар учун тайинланган қўшимча жазоларни ҳам қўшиши мумкин. Бунда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазонинг узил-кесил тайинланган муддати ЖКнинг 45-моддасида назарда тутилган энг кўп муддатдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Агар иш бўйича ҳукм чиқарилганидан кейин маҳкумнинг ана шу иш бўйича чиқарилган ҳукмга қадар содир этилган яна бошқа жиноятда айбли эканлиги аниқланса ҳам жазо ўша тартибда тайинланади. Бундай ҳолда жиноятлар мажмуи бўйича суд томонидан тайинланган жазо муддатига биринчи ҳукм юзасидан жазонинг ўталган қисми қўшилади.

Юқоридаги жиноятлар жами бўйича жазо тайинлаш қоидалари қуйидаги ҳолларда қўлланилади:

1) жиноий қилмиш жиноят қонунининг турли моддалари билан квалификация қилинганда;

2) шахс бир хил турдаги бир неча ҳаракатларни содир этган бўлиб, улардан бири тугалланган жиноят тариқасида, бошқалари эса, жиноятга тайёргарлик кўриш, суиқасд ёки иштирокчилик тариқасида квалификация қилинганда;

3) иш бўйича ҳукм чиқарилгандан кейин маҳкумнинг биринчи иш бўйича чиқарилган ҳукмгача яна бошқа жиноятда айбдорлиги аниқланганида.

Жиноятлар мажмуи тариқасида айбдорга жазо тайинлаш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда суд ЖКнинг 54-моддасида белгиланган жазо тайинлаш қоидаларини қўллаган ҳолда айбдор содир этган ҳар қайси жиноятга алоҳида жазо тайинлайди. Бунда суд ҳар кайси жиноят учун алоҳида-алоҳида асосий жазони тайинлайди ва агар зарур бўлса ҳар бир жиноятнинг хусусиятига қараб қўшимча жазо тайинлайди. Жиноятлар мажмуини ташкил этувчи ҳар қайси жиноят учун алоҳида жазо тайинлаш ЖКнинг 59-моддасининг муҳим талабидир ва ундан четга чиқишга йўл қўйилмайди, ушбу қоиданинг жазо тайинлашдаги ижобий хусусиятларини қуйидагиларда кўриш мумкин:

а) жиноятлар мажмуига кирувчи алоҳида жиноятлар учун амнистия ва авф этишни анча енгиллаштиради;

б) бундай жиноятлар кассация ёки такрорий кассация тартибида кўрилганда ҳар бир жиноят учун жазони енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатларини этиборга олишда;

в) озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларга нисбатан жазони ўташ колонияси режими турини белгилашда, шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш масалаларини ҳал қилишни осонлаштиради.

Агар суд айбдорга жазо тайинлашда ЖКнинг 57-моддасини қўллашни зарур деб топса, бу масалани биринчи босқичда, яъни ҳар қайси жиноят учун алоҳида жазо тайинлашда ҳал қилиши лозим. Иккинчи босқичда суд тегишли жазо турини белгиловчи ЖКнинг умумий қисми моддаларида белгиланган доирада айрим жиноятлар учун тайинланган жазоларни тўла ёки қисман қўшиш йўли билан айбдорга у содир этган барча жиноятлар жами учун жазо тайинлайди, масалан, айбдор иккита жиноятни содир этиб, суд биринчи жинояти учун 1 йил, иккинчи жинояти учун 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишига ҳукм қилиб, иш ҳақидан
20 фоиздан ушлаб қолишни белгилаган бўлса, жиноятларнинг ҳар бири учун тайинланган муддатларни қисман қўшиб, жиноятлар жами тариқасида 2,5 йил, тўла қўшиш йўли билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишига ҳукм қилиб, иш ҳақидан 20 фоиз ушлаб қолишни тайинлайди. Чунки ЖКнинг 46-моддасига кўра, жиноят содир қилган шахсларга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари 3 йилдан ортиқ муддатга тайинланиши мумкин эмас. Масалан, содир этилган 2 та жиноятдан бири учун суд айбдорга унинг иш ҳақидан 15 фоизини ушлаб қолиш билан 1 йил ахлоқ тузатиш ишларини, бошқа жиноят учун ҳам иш ҳақидан 25 фоизини ушлаб қолиш билан 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган. Жиноятлар мажмуи тариқасида суд айбдорга иш жойи бўйича иш ҳақидан 25 фоизини, яна 1 йил давомида 15 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш билан
2 йил ахлоқ тузатиш ишлари тайинлаган. Агар жиноятлар 18 ёшга тўлмаган, вояга етмаган шахс томонидан содир этилган бўлса жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ва қамоқ туридаги жазолар ЖКнинг
82-83-84-моддаларида белгиланган доирада қўшилади.

Шахснинг содир этган жиноятлари учун суд айбдорга ҳар хил турдаги жазоларни тайинлаши ҳам мумкин. Масалан, битта жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш, бошқаси учун ахлоқ тузатиш ишлари, камоқ ёки жарима ва бошқа жазолар. Жиноятлар мажмуини ташкил этувчи айрим жиноятлар учун турли хил жазоларни қўшиш масаласи ЖКнинг
59-моддаси 2-қисмида ёритиб берилган. Қонунга биноан суд мазмунига кўра, жиноятлар мажмуини ташкил этувчи жиноятлар учун жазоларни тўла ёки қисман қўшиш масаласини қонунда белгиланган жазо тайинлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ўз ихтиёри билан ҳал қилади.

Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисмида «жиноятлар жами тариқасида тайинланган асосий жазога суд айрим жиноятлар учун тайинланган қўшимча жазоларни ҳам қўшиб тайинлаши мумкин»,- дейилган. Жиноятлар мажмуига кирувчи айрим жиноятлар учун қўшимча жазолар дастлаб асоссиз равишда тайинланган бўлса, юқори турувчи судлар кейинги инстанция тартибида жиноят ишларини кўришда уларни ҳукмдан чиқариб ташлайди. Жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган асосий жазога айрим жиноятлар учун тайинланган бир неча турли хил қўшимча жазоларни тайинлаш мумкин. Масалан, ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш ва муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш.

ЖКнинг 59-моддаси 4-қисмида кўзда тутилган ҳолатларда жазо тайинлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

-янги аниқланган жиноят иши учун ЖКнинг 59-моддаси талабларига кўра, 54-моддаси асосида алоҳида жазо тайинланади;

-янги аниқланган жиноят иши бўйича тайинланган жазога олдиндаги иши бўйича тайинланган жазолар қўшилади.

Жиноятлар жами учун белгиланган қатъий жазо биринчи ҳукм бўйича тайинланган жазодан кам бўлиши мумкин эмас, чунки бундай ҳолда жазоларни қўшиш вақтида биринчи ҳукм бўйича тайинланган жазонинг ўталмаган қисмидан эмас, балки унинг тўлиқ миқдоридан келиб чиқилади. Жиноятлар жами бўйича тайинланган жазодан чегириб, кейинги иш бўйича судгача эҳтиёт чораси ёки ушлаб туриш тартибида қамоқда ўтирган вақти ва биринчи ҳукм бўйича ўталган жазо муддати чегириб ташланади.

 

Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.

 

 

Сурхондарё вилоят суди ЖИБ

судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси                           Ж.Маматалиев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?