Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Жиноят субъекти
Қонунлар / 2023-06-22

Ҳар бир ижтимоий хавфли ҳаракат содир этилганида суд-тергов ходимлари жиноятнинг махсус субъектининг алоҳида белгиларини аниқлаши лозим бўлади, буларсиз ҳаракат содир этган шахс ушбу жиноятнинг субъекти деб топилмаслиги керак.

Жиноят ҳуқуқи назариясига кўра ҳар қандай ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган, қонунда белгиланган ёшга етган ва ақли расо жисмоний шахслар жиноятнинг субъекти бўлади. Албатта жавобгарликнинг асоси сифатида жиноят таркибининг энг муҳим элементи бу жиноят субъекти ҳисобланади. Сабаби, ҳеч бир жиноят субъект бўлмаса содир этилмайди ва ўз-ўзидан жавобгарликни ҳам юзага келтирмайди.

Жиноят қонунига мувофиқ жиноят субъекти фақат жисмоний шахс бўла олади ва Жиноят кодексининг 17-моддасида белгилан қўйилган. Унга кўра: «Жиноят содир этгунга қадар ўн олти ёшга тўлган ақли расо жисмоний шахслар жавобгарликка тортиладилар». Юридик шахс (ташкилот, муассаса, корхона ва ҳоказо)лар жиноятнинг субъекти бўла олмайди. Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозимки, бир қатор чет эл давлатларининг жиноят қонунига кўра юридик шахс ҳам жиноятнинг субъекти бўла олмайди. Бироқ ташкилот, муассаса, корхона фаолияти билан боғлиқ жиноий оқибат учун тўғридан-тўғри унинг раҳбарлари ва масъул шахслар жавоб берадилар. Булар асосан экология соҳасидаги жиноятлардир.

Жиноят кодексининг 17-моддаси (жисмоний шахсларнинг жавобгарлиги)га кўра ҳар қандай инсон ҳам жиноятнинг субъекти бўла олмайди. Шахснинг қонунда белгиланган субъект ёшига етганлигидан ташқари у ўз ҳаракатларини бошқара олиши ва ҳаракати туфайли келиб чиқадиган ижтимоий хавфли оқибатни ҳам англаши керак бўлади. Ўз ҳаракатини идора қила олмайдиган ва оқибатини англамайдиган шахсларнинг ижтимоий хавфли қилмиши туфайли қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатга зарар етказилса, уларнинг ҳаракатида қасд ёки эҳтиётсизлик шаклидаги айб мавжуд бўлмайди.

Жиноят қонунчилигида жиноят субъектининг асосий белгиларидан бири қонунда белгиланган ёш бўлиб, муайян ёшга тўлган шахсларгина жиноий жавобгарликка тортилади. Сўзсиз, шахсда маълум ёшга етгандан кейингина атрофдаги воқеаларни қабул қилиши, ўз ҳаракатларига тўғри баҳо бериши ва ўз хоҳишини керакли йўналишга йўналтира олиш қобилияти шаклланади. Инсон маълум бир ёшга етгандан кейин муайян бир жиноят қонуни билан ман қилинган ҳаракатлар учун жавобгарлик юзага келишини тўғри англай олади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 17-моддасига мувофиқ 16 ёшга тўлган, ақли расо шахслар жиноятнинг субъекти ҳисобланадилар. Бу ёшда ўсмир ҳар бир воқеани тўғри қабул қилади, унинг дунёқараши ва ҳуқуқий фикрлаши шу даражага етадики, у ўз қилмишининг хавфли эканлигини тўғри баҳолай олади. Бироқ баъзи бир алоҳида жиноятлар учун қонунда жавобгарлик ёши 14 ёш деб белгиланган. Жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатда қасддан одам ўлдириш учун эса 13 ёш белгиланган (97-модданинг 2-қисми).

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб:

1) жисмоний шахс эканлиги;

2) ақли расолиги;

3) қонун билан белгиланган ёшга етганлиги жиноят субъектининг белгиларидир, деб айтиш мумкин.

Ақли расолик тушунчасини тўғри талқин қилиш қонунийликка риоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Содир этилган жиноят учун фақат қонунда белгиланган жиноий жавобгарлик ёшига тўлган, ақли расо шахс жиноий жавобгар бўлади, чунки маълум руҳий лаёқатга эга шахсгина ақли расо бўлиши мумкин. Ақли расолик шахслар айбдор деб топишнинг зарурий шарти ҳисобланади.

Ақли норасолик – умуман руҳий норасоликни эмас, балки маълум ҳаракатга нисбатан руҳий норасоликни белгиловчи муайян тушунча ҳисобланади. Шахс руҳий касаллиги туфайли маълум руҳий қобилиятга эга бўлмаслиги, аммо ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англаши мумкин. Бу ҳолда у ақли расо деб топилади.

«Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаган»лик шахснинг ўз ҳаракати ва оқибат ўртасидаги салбий боғланишни амалий жиҳатдан тушуна олмаслигини билдиради.

Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаслик, шунингдек, уларнинг ижтимоий хавфли хусусиятини тушунмасликни ҳам англатади.

Ҳаракат ва унинг оқибати ўртасидаги сабабий боғланишни тушунмаслик шунда намоён бўлиши мумкинки, руҳий касал одам ўз ҳаракатлари қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тасаввур қила олмайди.

Юқоридагилардан ташқари жиноят қонунида жиноят субъектининг умумий белгиларидан ташқари қўшимча ва махсус белгилари ҳам назарда тутилган бўлади. Буни жиноятнинг махсус субъекти, дейилади. Масалан, ҳарбий жиноятларда жиноятнинг субъекти фақат ҳарбий хизматчилар бўлади.

Жиноят кодексининг 17-моддаси 1-қисмига кўра жиноят қилгунга қадар 16 ёшга тўлган шахс жавобгарликка тортилади.

Жиноят кодексида кўпчилик жиноятлар учун жавобгарлик 16 ёшдан белгиланган.

Жиноят кодекси 17-моддаси 2-қисмига кўра “13 ёшга тўлган шахслар жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганлик (97-модда 2-қисми) учунгина жавобгарликка тортиладилар. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддасининг 2-қисмида белгиланган субъект ёши энг паст ёш бўлиб, Жиноят кодексидаги ягона норма ҳисобланади. Олдинги қонунларда бундай ёш чегараси белгиланмаган эди.

Жиноят кодекси 17-моддаси 3-қисмига кўра жиноят содир этгунга қадар 14 ёшга тўлган шахслар жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган.

Жиноят кодекси 17-моддаси 4-қисмида жиноятлар учун жавобгарлик ёши 18 ёш деб белгиланган.

 

Шахсни жиноятнинг махсус субъекти – деб ҳисоблаш учун субъектнинг зарурий белгилари билан бирга (ёш, ақли расолик), албатта, бошқа белгилар ҳам бўлиши керакки, бундай белгисиз шахснинг тегишли норма билан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Аксарият ҳолларда ушбу белгилар жиноят ҳуқуқий нормалар диспозициясида кўрсатилади ёки уларни шарҳлаш орқали аниқланади. Жиноятнинг махсус субъекти белгилари турлича бўлиб, улар хизмат, касб, фуқаролик ёки ҳарбий мажбурият бўйича бўлиши мумкин.

Жиноят қонуни Махсус қисмини ўрганиш шуни кўрсатадики, жиноятнинг махсус субъекти белгиларини қуйидагича таснифлаш мумкин:

1) фуқаролиги; 2) демографик белгилари (жинси, ёши); 3) мансаби; 4) ҳарбий хизматга алоқадорлиги; 5) бажараётган иши; 6) касбий мажбурияти; 7) шахсий мажбуриятлари; 8) субъектнинг асосий ҳолатлари (рецидивист, хавфли рецидивист).

Ҳар бир ижтимоий хавфли ҳаракат содир этилганида суд-тергов ходимлари жиноятнинг махсус субъектининг алоҳида белгиларини аниқлаши лозим бўлади, буларсиз ҳаракат содир этган шахс ушбу жиноятнинг субъекти деб топилмаслиги керак. Юқоридагиларга хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, жиноятнинг субъекти жавобгарликка тортишда жуда катта аҳамиятга эга ҳисобланади.

 

 

Сурхондарё вилояти жиноят

ишлари бўйича Олтинсой туман

судининг архивариуси

Я.Рустамов

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?