Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
АЛИМЕНТ ОЛУВЧИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ.
Қонунлар / 2023-06-16

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96, 100-моддаларида, ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси асосида ишлаб чиқилган қонун ҳужжатларида вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган.

Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида алимент тўлаш билан боғлиқ бўлган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш болалар манфаатлари ҳимоясининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, вояга етмаган, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент тарафларнинг келишувига кўра ихтиёрий тартибда, шунингдек, суд тартибида ундирилади.

Алимент ота-онанинг бирининг аризаси ёки даъвоси билан, агар бошқа ота (она) вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини бажармаган ҳолатларда суд тартибида (суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарори билан) ундирилади.

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда, шунингдек, алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилмаган ҳолларда, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент ундириш ҳақидаги даъво билан вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлган бола мурожаат қилишга ҳақли. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она) ва бола алоҳида яшаган ҳолларда, вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлган бола ота ёки онасига ёхуд ота-онасининг ҳар икковига нисбатан даъво тақдим қилиши ҳуқуқига эга.

Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ота-онанинг бирининг даъвоси билан суднинг ҳал қилув қарорига асосан ундирилади.

Алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ёки даъво ариза ҳам судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига кўра, жавобгарнинг яшаш жойи бўйича берилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 34-моддаси 3-қисмига мувофиқ, аризачи ёки даъвогар яшаб турган жойда ҳам тақдим этилиши мумкин.

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза, шунингдек, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида даъво ариза берганлик учун давлат божи Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни 8-моддаси 2-банди, шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексининг 174-моддаси биринчи қисмига мувофиқ ундирилмайди.

Оила кодексининг 99-моддасига мувофиқ вояга етмаган болаларга алимент ундиришда алимент миқдорини ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг муайян (1/4, 1/3, 1/2) қисми миқдорида белгиланади.

Оила кодексининг 100-моддасида ота-онанинг вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаши белгиланган. Судлар алимент ундиришда боланинг меҳнатга лаёқатлилигини йўқотилганлик даражаси ва унинг ҳақиқатдан ёрдамга муҳтож эканлигини, тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини эътиборга олишлари лозим.

Боланинг таъминоти учун қўшимча харажатларни ундириш масаласини ҳал этишда, судлар Оила кодексининг 103-моддасида қайд этилган қўшимча харажат қандай фавқулодда ҳолатлар (болаларнинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар)да келиб чиққанлигини ҳамда бу бола таъминоти учун зарурлигини кўрсатиши ва уларнинг оилавий ва (ёки) моддий аҳволини ҳисобга олиб, қисман пул билан тўланадиган қўшимча харажатларнинг қатъий миқдорини аниқлаши лозим.

Алимент тўлаш тўғрисида келишув бажарилмаган, алимент бўйича қарз вужудга келган тақдирда эса, алимент ундирувчи банк фоизларини ундириш юзасидан судга даъво билан мурожаат этишга ҳақли.

Оила кодексининг 144-моддасига мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарорига асосан пул билан тўланадиган қатъий суммада ундирилаётган алиментларни индексация қилиш алиментлар ушлаб қолинаётган жойда қонун ҳужжатларида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мутаносиб равишда амалга оширилади.

Хулоса қиладиган бўлсак, мамлакатимизда алимент олувчининг ҳуқуқлари ҳар томонлама қонун билан мустаҳкамланган.

 

 

         Жиноят ишлари бўйича

         Олтинсой туман судининг

         судья ёрдамчиси                                                                      Н.Соатов

 

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?