Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Тамом бўлган ва тамом бўлмаган жиноятларнинг умумий таснифланиши
Қонунлар / 2023-05-03

Жиноятлар содир этилган вақти ва ўрнига қараб уларни тамом бўлган ва тамом бўлмаган жиноятлар туркумига ажратилади.

Тамом бўлган жиноят Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
21-моддасида таъкидланганидек, ушбу Кодекс моддасида жиноят тамом бўлган пайт ижтимоий хавфли қилмиш бажарилган вақт деб ҳисобланган бўлиб, уни содир этган шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини англаган ва шундай қилмишни содир этишни истаган бўлса, бундай жиноят қасддан содир этилган деб топилади. Ушбу Кодекс моддасида жиноят тамом бўлган пайт ижтимоий хавфли оқибат юз берган вақт деб топилган қилмишлар тўғри ёки эгри қасддан содир этилган бўлиши мумкин.

Тамом бўлмаган жиноятларни ўрганганимизда уларни туркумларга бўлиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг олтинчи бобида тамом бўлмаган жиноятларнинг туркумларга таснифланган бўлиб, унга кўра, тамом бўлмаган жиноят жиноятга тайёргарлик кўриш, жиноят содир этишга суиқасд қилиш ва жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш кабиларга бўлинади.

Хусусан, ушбу кодекснинг 25-моддасида жиноятга тайёргарлик кўриш, шахснинг қасддан қилинадиган жиноятни содир этиш ёки яшириш учун шарт-шароит яратувчи қилмиши ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра содир этилиши бошлангунга қадар тўхтатилган бўлса, бундай қилмиш жиноятга тайёргарлик кўриш деб топилиши кўрсатилган.

Бундан ташқари, қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилиши ушбу кодексда белгилаб қўйилган.

Жиноят содир этишга суиқасд қилиш каби жиноятларни тавсифлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг
2004 йил 24 сентябрдаги 13-сонли «Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 3-бандида, қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш фақат тўғри қасд билан содир этилиши мумкин, чунки, бунда айбдор ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, жабрланувчининг ўлимига кўзи етган ва унинг ўлимини истаган бўлади, бироқ ўлим айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра (жабрдийданинг фаол қаршилиги, бошқа шахсларнинг аралашуви, жабрланувчига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилганлиги ва ҳ.к туфайли) юз бермаслиги кўрсатилган.

Ушбу кодекснинг 25-моддаси 3-қисмида эса жиноятга тайёргарлик кўрганлик ва жиноят содир этишга суиқасд қилганлик учун жавобгарлик ҳам ушбу Кодекс Махсус қисмининг тамом бўлган жиноят учун жавобгарликни белгиловчи моддасига мувофиқ ҳал қилинишини кўришимиз мумкин.

Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш - шахс жиноятга тайёргарлик кўриш ҳаракатларини ёки жиноят содир этишга бевосита қаратилган ҳаракатларни охирига етказиш мумкинлигини англаган ҳолда тўхтатса, шунингдек жиноий оқибат келиб чиқиши мумкинлигини англаган ҳолда, шундай оқибат келиб чиқишининг олдини олса, жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш деб топилади. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш жавобгарликни истисно қилади.

Бу ҳолатни қонун ҳужжатидаги норма билан кўриб ўтишимиз мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг 15.12.2000 йилдаги
167-II-сонли «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуни
28-моддасининг иккинчи қисмида, шахс террорчилик фаолиятида иштирок этишдан ўз ихтиёри билан қайтган, бу ҳақда тегишли давлат органларига хабар берган ҳамда оғир оқибатлар юзага келишининг ва террорчилар мақсадлари амалга оширилишининг олдини олишга фаол кўмаклашган тақдирда, қонунчиликка мувофиқ жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Жиноятни охирига етказишдан ихтиёрий қайтган шахс, агар амалда содир этган қилмишида бошқа жиноят таркибининг барча аломатлари бўлса, Жиноят кодекси бўйича жавобгарликка тортилади.

            Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз жоизки, суд ва тергов органи содир этилган қилмишнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришда жиноятларнинг тамом бўлган ва тамом бўлмаганлиги, уларнинг содир этилган вақти, ўрни, айбдорнинг шахси ва ҳолатларини тўла, холисона ва ҳар томонлама эътиборга олиши лозим.   

 

 

 

 

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъатининг

судья катта ёрдамчиси                                                                     Б.Б.Нормуродов

 

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?