Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Енгилроқ жазо тайинлаш
Қонунлар / 2023-04-26

Жорий қонунчилик бўйича айбдорга содир этган жинояти учун қонунда назарда тутилган жазо қўлланилади. Шунингдек, енгилроқ жазо қўллашга асос бўлиб қилмиш ва айбдор шахс унинг айби даражаси ва шакли шахснинг жиноят содир этгунгача ва ундан кейинги хулқ-атвори жиноятни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларининг жами асос бўлади ва суднинг ҳукмига кўра, мазкур ҳолатларда айбдорни тузатиш, жиноятнинг олдини олишга эришиш учун мазкур жиноят учун қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинланади. Бу қоида ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилган бўлиб, унда «Суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларини эътиборга олиб, алоҳида ҳолатларда ЖК махсус қисми моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам қамроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкин» деб баён қилинган. Қонун чиқарувчи орган ЖК махсус қисмининг диспозиция ва санкцияларини тузиб чиқар экан, ҳар бир жиноят учун ундаги ҳолатлар, вазиятлар, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни тўла эътиборга олмайди. Айрим ҳолларда суд санкцияда кўрсатилган жазонинг энг кам қисмини тайинлаганда ҳам жазо қаттиқ бўлиб қолиши ва ЖКнинг 42-моддасида назарда тутилган жазонинг мақсадига жавоб бермаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун суд буни жазо тайинлашда эътиборга олади. Содир этилган жиноятда ана шундай вазиятларнинг бўлиб қолиши мумкинлигини эътиборга олиб, қонун чиқарувчи орган ЖКнинг 54-моддасида назарда тутилган қоидалардан истисно тариқасида, яъни санкция доирасида жазо тайинлаш қоидасидан четга чиқиб, ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш қоидаси киритилган, аммо қонунда фақат фавқулодда ҳолатларда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи, енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, жазо тайинлашнинг умумий қоидаларидан бундай четга чиқишга йўл қўйилади, аммо қонунда айнан қандай ҳолатларда енгилроқ жазо тайинланиши мумкинлиги кўрсатилмай, фақат ЖКнинг 57-моддаси
3-қисмида «Содир этилган қилмиш хусусиятларини ифодаловчи ҳолатлар, яъни айбдорнинг шахси, айбининг шакли ва даражаси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, шахснинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атвори жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топилиши мумкин»лиги кўрсатилган. Бундай ҳолатларга жиноят содир этиш мотиви ва мақсадини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини киритиш мумкин.

ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилган асослар бўйича енгилроқ жазо тайинлаш учун ЖКнинг 55-моддасида белгиланган ҳолатлардан фарқ қилувчи, қандайдир алоҳида енгиллаштирувчи ҳолатларда жиноятнинг содир этилиши талаб қилинмайди, суд амалиётида, судлар ЖКнинг
55-моддасида белгиланган ва белгиланмаган енгиллаштирувчи бир нечта ҳолатлар мавжудлигини эътиборга олиб, агар қилмишда оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлмаса енгилроқ жазо тайинлашни қўлламоқдалар. Бунда судлар енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида айбдорнинг жамият ва давлат олдидаги хизматларини, кексалиги, ёшлиги, соғлиғининг ёмонлашганлиги, қарамоғида ёш болалари, меҳнатга яроқсиз ота-онаси борлиги ва бошқаларни ҳисобга оладилар.

Олий суд Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги “Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида «ЖКнинг 57-моддасига мувофиқ қонунда назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам қамроқ жазо тайинлаш ёки бошқа енгилроқ жазо турига ўтиш фақат содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар мавжуд бўлгандагина мумкин бўлади, масалан, маънавий зарарнинг йўқлиги ёки етказилган мулкий зарарнинг қопланганлиги, ота-онасининг жиддий касаллиги, уларнинг меҳнатга яроқсизлиги, айбдорнинг оилада ягона боқувчи эканлиги, судланувчининг кексалиги, жабрланувчининг ғайриқонуний ҳаракатлари жиноят содир этилишига сабаб бўлганлиги ва шунга ўхшаш ҳолатлар бўлиши мумкин.

Қонун енгилроқ жазо тайинлашнинг 2 та усулини назарда тутади ва суд улардан биттасини иш ҳолатларига қараб қўллаши мумкин. Булар:

а) санкцияда кўрсатилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам қамроқ жазо тайинлаш;

б) енгилроқ жазо турини тайинлашдир.

Энг камидан ҳам қамроқ жазо тайинлашда, суд айбдорни қилмиши квалификация қилинган норманинг санкциясида белгиланган жазо турларининг биттасини, лекин берилган жазо тури учун санкцияда белгиланган жазонинг энг кам миқдордан ҳам қамроғини тайинлайди. Масалан, ЖКнинг 137-моддаси 1-қисми бўйича одам ўғирлаганлик учун
3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган, суд эса ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда айбдорга бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаши мумкин. ЖКнинг
57-моддасида суд тайинланаётган жазо турининг муддати ёки миқдорини қанча миқдорга камайтириши мумкинлиги кўрсатилмаган, суд томонидан тайинланган жазо муддатининг энг кам қисми ушбу жазо ЖКнинг умумий қисмида кўрсатилган муддатининг энг кам қисмигача бўлиши мумкин (масалан, ЖКнинг 44-46-моддалар ва хоказо). 18 ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга жазо тайинлашда суд ЖКнинг 82-84-моддаларида айрим турдаги жазолар учун белгиланган жазоларнинг энг кам қисмини қўллаши лозим. ЖКнинг 57-моддасида, бошқа енгилроқ турдаги жазо тайинлаш шунингдек, санкцияда белгиланган энг кам доирадан ҳам қамроқ жазо тайинлаш учун судга катта имконият берилган. Аммо, баъзан ушбу ҳолатга хожат қолмайди, яъни агар суд қўллаётган ҳуқуқий норманинг санкциясида берилган жазо турининг фақат энг кўп муддати белгиланган бўлса, суд енгилроқ жазо тайинлаш усулини қўллай олмайди. Масалан, жиноят учун 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш назарда тутилган бўлса, ЖКнинг
57-моддасига мурожаат қилинмайди. Агар, махсус қисм моддасининг санкциясида жазонинг энг кўп қисми кўрсатилиб, энг кам қисми кўрсатилмаган бўлса, ЖК умумий қисмининг тегишли моддасидаги жазо турининг энг кам қисми бу жазонинг минимал муддати ҳисобланади. Енгилроқ жазо тайинлашнинг иккинчи усули суд қўллаётган ҳуқуқий норманинг санкциясида белгиланган жазо тури ўрнига айбдорга бошқа, ЖКнинг 43-моддасида ёки жиноят вояга етмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, ЖКнинг 81-моддасида белгиланган жазо турларидан енгилроғини тайинлаши мумкин. Бунда суд танлаган енгилроқ жазо турининг миқдори ЖК умумий қисми моддасида белгиланган доирада тайинланади. ЖКнинг 57-моддасини қўллаб жазо тайинлашда қонун ЖКнинг 43-моддасида белгиланган енгилроқ жазо турини танлашни чекламайди. Агар бундай жазо тури айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган ҳуқуқий норманинг санкциясида белгиланган бўлса, ЖКнинг
57-моддасини қўлламасдан ҳам тайинланиши мумкин. ЖКнинг бир қатор моддалари санкцияларида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш айбдорга мажбурий қўшимча жазо сифатида тайинланиш белгиланган. Лекин, бундай талабга қарамасдан суд ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлса, уни қўлламаслиги ҳам мумкин. Шундай қилиб, ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлса, суд айбдорга енгилроқ асосий жазони санкция доирасида тайинлаши, мажбурий қўшимча жазони эса қўлламаслиги мумкин ёки айбдорга енгилроқ асосий жазо тайинлаши мумкин ёки айбдорга енгилроқ асосий жазо тайинлаш ва мажбурий қўшимча жазони қўлламаслиги ҳам мумкин. Амалиётда баъзи судлар ЖКнинг 57-моддасини қўллаб жазо тайинлашда олдиндан айбдор содир этган жиноят учун жавобгарлик туғрисдаги ҳуқуқий нормалар санкцияси доирасида жазо тайинлайдилар, кейин ҳукмнинг қарор қисмида енгиллаштирувчи ҳолатларни кўрсатадилар, сўнгра эса ЖКнинг
57-моддаси асосида тайинланган жазони камайтиради ёки енгилроғи билан алмаштиради. Баъзи ҳолатларда суд ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилган асослар бўлмаган тақдирда ҳам ЖКнинг ушбу моддасига мурожаат қилмасдан айбдорга нисбатан қўлланаётган ҳуқуқий норманинг санкциясида белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам қамроқ жазо тайинлайди. Бу айрим турдаги жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин. ЖК 81-моддасига кўра, 18 ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга нисбатан, хатто агар суд қўлланаётган ҳуқуқий норманинг санкциясида кўшимча жазо тайинлаш мажбурий бўлганда ҳам қўшимча жазо тайинлаш мумкин эмас. Пенсия ёшига тўлган шахсларга, меҳнатга лаёқатсиз аёлларга ёки боласига қараш бўйича таътилда бўлган аёлларга ва ҳарбий хизматчиларга аҳлоқ тузатиш ишлари қўлланиши мумкин эмас. Юқорида кўрсатилган шахсларга санкцияда белгиланган ахлоқ тузатиш ишлари ўрнига суд бошқа енгилроқ жазо турларини тайинлаш керак.

Енгилроқ жазо тайинлаш борасида ЖКнинг 57-моддаси талабларига оид қуйидаги ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтсак, агар шахс ЖКнинг турли моддаларида кўзда тутилган бир неча жиноят учун судланаётган бўлса, енгилроқ жазо тайинлаш ЖКнинг 57-моддаси жиноятлар жами бўйича тайинланадиган жазодан кейин эмас балки алоҳида жиноятлар учун жазо тайинлаш вақтида қўлланилади. Масалан, фуқаро «С»нинг жиноят ишини олайлик у ЖКнинг 25,97-моддаси 2-қисми «а» банди ҳамда ЖК
248-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, суд томонидан жазо тайинлаш вақтида ҳар икки модда бўйича умумий тарзда ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, жазо тайинланган. Ушбу иш бўйича юқоридаги қоидага зид равишда жазо тайинлаш амалга оширилганини кўрамиз. Масалан, “С”нинг жиноят иши бўйича чиқарилган ҳукм Олий суд Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги «Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрсида»ги 16-сонли қарорининг 8.1-бандида кўрсатилган талаблар бажарилмаганлигини кўрсатиб, Олий суд ўз қарори билан ҳукмни бекор қилган. «С» нинг жиноят иши бўйича жазо тайинлаш қуйидаги тартибда амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди, яъни «С»нинг ЖК 25,97-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жинояти ҳамда ЖК 248-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жинояти учун жазо тайинлашда ҳар бир жиноят учун алоҳида-алоҳида оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланиши учун асослар мавжуд бўлса, ушбу модда ҳам ҳар бир жиноят учун алоҳида тадбиқ этилиб, сўнгра ЖКнинг
59-моддасида назарда тутилган қоидага кўра, ҳар бир жиноят учун тайинланган жазоларни тўла ёки қисман қўшиш йўли билан жиноятлар жами бўйича жазо тайинланиши керак.

 

Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.

 

 

Сурхондарё вилоят суди

ЖИБ судлов ҳайъати

судья катта ёрдамчиси                                                              Ж.Маматалиев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?