Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
ИЖТИМОИЙ СОҲА ОБЪЕКТЛАРИНИНГ КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРГАРЛИГИ ТУМАН ҲОКИМИ  НАЗОРАТИДА  

Бугун,  6 декабрь  куни Олтинсой тумани ҳокими Баҳром Махматраемов  Олтинсой туманидаги Ихтисослаштирилган  мактабида  ижтимоий соҳа объектларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини кўриш ҳамда  таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида мактабга ташриф буюрди.

Туман ҳокими Б.Махматраемов, туман ҳокими ўринбосари Хайрулла Қосимов ва   4-сектор раҳбари Равшан Боймирзаев, вилоят Кенгаши депутати Ашурали Орипов, туман Нуронийлар жамғармаси раиси Юсуфхон Ҳакимов, меҳнат фахрийси Иброҳим Обиловлар  иштирокида   мактаб  ўқувчилари билан учрашув ўтказилди.  Мактаб  директори  Умидилло Худойбердиев  мактабда  таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.  Жумладан, мактабнинг 9-табиий синфида таълим олаётган Фаррух Каримқулов тарих фанидан ўтказилган фан олимпиадасида ғолиб бўлди. Ғолиб ўқувчига  пул мукофоти топширилди.

Туман ҳокими Б.Махматраемов  ўз сўзида Олтинсойда  туғилиб ўсган, асарлари 13 тилга таржима қилинган Тоғай Мурод, Қўчқор Норқобил сингари таниқли  ёзувчилар туманимиздан етишиб чиққанлигини фахр билан тилга олди.

—Шундай юрт фарзандларисизлар азиз ўқувчилар,ؙ —деди туман раҳбари.— Сизлар таълим олаётган Ихтисослаштирилган ушбу мактабда   ҳам ўқувчиларнинг чуқур билим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Яқиндагина капитал таъмирдан чиққан ёруғ ва шинам синфхоналар ихтиёрингизда. Замонавий кутубхона мавжуд. Сизлар  учун яратилган шароитларга жавобан ҳар бир мактаб битирувчиси олийгоҳларга грант асосида ўқишга киришлари шарт деб ҳисоблайман.

Сўзга чиққан вилоят Кенгаши депутати Ашурали Орипов, шоира, меҳнат фахрийси Зулайҳо Иброҳимовалар  Президентимизнинг юксак эътибори туфайли мактабларда таълим сифати ошаётганлиги, ўқувчиларимиз турли фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритишаётганлигига тўхталди.  Келгусида  юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш учун тинмай ўқиб-изланиш кераклигини  айтиб ўтдилар.

Туман ҳокими мактаб кутубхонасида ўқувчиларга мутолаа учун яратилган шароитлар, замонавий  электрон адабиётлар жойлаштирилган тармоқ фаолияти билан  ҳам танишди.  Мактаб ўқувчилари инглиз, рус тилларида меҳмонларга мактабдаги шароитлар,  ўзи ва ўқитувчилари фаолияти ҳақида сўзлаб бердилар.

Туман ҳокими хорижий тилларда бийрон сўзлаётган ўқувчиларга боқиб,  мамнун бўлди. Китобни дунёдаги энг яхши совға, дейдилар. Б.Маҳматраемов мактаб кутубхонасига 170 дона бадиий китобларни совға сифатида топширди. Туман ҳокими ва масъуллар мактабнинг иситиш тизими  фаолиятини ҳам кўздан кечирдилар. 

  Туман ҳокими Б.Махматраемов  мактаб ҳовлисига   яшил макон  лойиҳаси доирасида  дарахт  кўчати экди.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?