Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
“ОБШИР”ДА  МУСТАҚИЛЛИК  БАЙРАМИГА  ҚИЗҒИН  ТАРАДДУД  КЎРИЛМОҚДА

«Обод маҳалла», «Обод кўча» ва «Обод хонадон» мезонлари жорий этилаётган Олтинсой туман «Обшир маҳалласида  Мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрамига  пухта тараддуд кўрилмоқда.   “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган эзгу шиор остида  ўтказиладиган  ушбу қутлуғ шодиёнани  яхши ният ва эзгу тилаклар билан нишонлашга аҳд қилган  Сурхондарё   вилояти  ташкилот  ва  корхоналари  ходимлари ҳамда  олтинсойликлар ҳамжиҳатликда “Обшир”ни обод манзиллардан бирига айлантиришди.

 “Обшир”га  кираверишдаги  “Сурхон соҳили” кўчасига асфальт ётқизилди.  Чиройли бўёқ тортилган  деворлар эса  кўзни қувнатади. Биз бугун маҳаллага кираверишда   дастлаб янги ётқизилган асфальт йўлга чизиқ тортаётган  туман Йўл қурилиш ва таъмирлаш корхонаси  ишчи-хизматчилари  билан учрашдик.

—Туманимизнинг Мустақиллик байрамини  шу “Обшир” маҳалласида ўтказиш режалаштирилган. Шу боис, йўлларни байрамга тайёрлаяпмиз,—дейди   корхона йўл устаси Абдуманнон Содиқов,—Бунда  йўл бўлими бошлиғи  Рўзимамат Ғолибов,   йўл ишчиси Сафарали Ҳамидов, Турдимурод Маматмуродов, Аҳроржон Тожимуродов,  Рўзибой Кўчаровларнинг хизматини алоҳида таъкидлагим келади.   Маҳалланинг қолган кўчалари ҳам пешма-пеш асфальтланмоқда.

Маҳалладаги 21-умумтаълим мактабини капитал таъмирлаш ишларининг сўнггисини  бажараётган    “Ҳазорбоғ”қурилиш” таъмирлаш масъулияти чекланган жамияти қурувчиларига ҳам балли деймиз. Ҳозир  янги, замонавий  қиёфа касб этган мактаб биносини кўрсангиз, қувончдан   кўзингиз порлайди. Туман  мактаб ва мактабгача таълим  бўлими мудири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Юсупов ҳамда  бўлим ходимлари    аҳилликда  мактаб ҳовлисига   ва ўйингоҳга боришдаги йўлакчаларга   зина  қуйиш ишларини бажаришмоқда.

Штаб бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоят Халқ қабулхонаси мудири Абдулҳаким Эшмуродов  ҳамда Ўзбекистон  Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Сурхондарё  вилоят филиали раҳбари Шерпўлат Бойқуловлар мактаб стадионига чим ётқизиш  сифатини кўздан кечиришмоқда. Шу билан бирга Мустақиллик байрамига тайёргарликнинг боришига бош-қош бўлишмоқда.  Жумладан, стадионга саҳна ўрнатиш, атрофни янада ободонлаштириш ишлари жадал бормоқда.

Президентнинг Олтинсой туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Ҳайитмурод Астанақулов ҳамда туман ҳокимининг нуронийлар бўйича маслаҳатчиси   Юсуфхон  Ҳакимов билан бирга қишлоқнинг юқори қисмидаги “Умбар хўжа бобо” зиёратгоҳида бажарилаётган сўнгги қурилиш ишларига  бош-қош бўлиб туришибди.   Замонавий лойиҳа асосида ободонлаштирилган  қутлуғ қадамжога муносиб   “Тиловатхона” ҳамда  таҳоратхонада том устини ёпиш ишлари бажарилмоқда.  Қадамжо атрофига арчалар экилган. Бетон йўлаклар қадамжога ўзгача файз киритган.

 “Обшир”да  бир ой ичида  қурилган ҚВП  ҳамда “Обшир” МФЙ маъмурий биносида ҳам сўнгги пардозлаш ишлари бугун ниҳоясига етиш арафасида турибди.

 Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги  туфайли “Обшир” тумандаги обод ва кўркам манзилга айланди. Буларнинг барчаси  Мустақиллик шарофатидандир.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?