Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
“ЯНГИАРИҚ” ҲАМ ОБОД МАНЗИЛГА АЙЛАНАДИ

 Президентимиз ташаббуси билан юртимиздаги барча маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури қабул қилиниб, кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада юртдошларимиз аввалроқ Олтинсой туманининг “Ҳайрондара” қишлоғидаги ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлишган эди. Бу ерда аҳолининг 300 йиллик орзуси ушалиб, тарихий қишлоққа ичимлик суви келтирилганлиги аҳоли қувончига қувонч қўшди. Хусусан, туманимизнинг “Янгиариқ” маҳалласида ҳам бу каби тадбирларни амалга оширишга киришилди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг Олтинсой туманига аввалги ташрифлари давомида 4 та оғир ҳудуддаги маҳалла танлаб олиниб, инфратузилмани яхшилаш бўйича ишларни намунали ташкил этиш, хусусан, танлаб олинган маҳаллаларда аҳоли муаммоларини ҳал этиш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган қатор тадбирларни амалга ошириш вазифаси топширилган эди. 

  Жумладан, “Янгиариқ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг кўп йиллик муаммоларидан бири бўлган ичимлик суви масаласини ҳал этиш, 6,3 километр масофага ичимлик суви қувурини ётқизиш ва 524та хонадонда яшаб келаётган 2915 нафар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, маҳалла қишлоқларини обод манзилга айлантириш вазифаси қўйилган эди.

Бугунги кунда оғир ҳудуд сифатида танлаб олинган “Янгиариқ” маҳалласи ички йўлларининг 3 километр қисми таъмирланиб, тошланди. Жараён давомида яна 3 километр йўллар тошланиши кўзда тутилган.

  Айни пайтда маҳаллада Олтинсой туман ҳокимлиги томонидан қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар қизғин олиб борилмоқда. 

  Ҳозирги кунда Термиз шаҳридаги Ўктам Холмирзаев раҳбарлик қилаётган “Турон замини” масъулияти чекланган жамияти ишчи-хизматчилари ичимлик суви учун траншеялар қазиш ва полиэтилен қувурлар тортиш ишларини жадал олиб боришмоқда. Бунда жамиятнингЖасур Зойиров, Илҳом Мажидов, Шокир Чориев, Ўткир Холмирзаев сингари сантехниклари ҳамда тракторчи Хуршид Суюновларнинг хизматлари катта бўлмоқда. Улар қувур ётқизиш, қувур ётқизилган траншеяларни кўмиш ишларини сифатли бажаришмоқда.

 

—Бугунга қадар 3 километр масофага қувур ётқиздик,—дейди жамият иш бошқарувчиси Ўткир Холмирзаев.—Техникаларимиз замонавий, иш унуми юқори. 6,3 километр масофага қувур ётқизиш ишларини қисқа фурсатда тугаллашга ҳаракат қилаяпмиз. Қувур ётқизиш учун траншеялар қазиш учун ҳам махсус техникаларни жалб қилганмиз. 

   Бугунги кунда жамият ишчи-хизматчилари амалга ошираётган жадал иш суръати “Янгиариқ”маҳалласи аҳолисини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган ичимлик суви муаммосининг тез кунларда ҳал этилишидан дарак бериб турибди.

Шу кунларда маҳалланинг “Бўйрачи” қишлоғида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш мақсадида  300 нафардан зиёд аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Маҳаллада аҳолини электр таъминотига бўлган талабини қондиришга ҳам катта эътибор берилмоқда.

—Бугунгача маҳаллада электр таъминотини яхшилаш мақсадида эски симёғочлар ўрнига 25 дона темир-бетон таянчларини ўрнатдик,—дейди Олтинсой туман электр таъминоти корхонасининг “Ботош”устачилик бўлими бошлиғи Бойсоат Алимардонов.—Яна 25 дона ана шундай темир-бетон столбалар келтирилиб, эскилари ўрнига қўйилади. Бу ишларда бурғуловчи Худойшукур Абдурайимов, Шоймардон Маматраҳимов, Бойниёз Хўжамқуловларнинг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?