Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
ОЛТИНСОЙЛИК ЗИЁРАТЧИЛАР ҲАЖ САФАРИГА КУЗАТИЛДИ

 

Бугун, 15 июнь куни Олтинсой туманидан 48 нафар зиёратчи (14 нафари – аёллар) муборак Ҳаж сафарига жўнаши муносабати билан  туманнинг Ботош маҳалласидаги “Аҳадхон” жомеъ масжидида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида олтинсойлик зиёратчиларни муборак Ҳаж сафарига кузатиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали маросимда Олтинсой тумани ҳокими Баҳром Махматраемов сўзга чиқиб, Ҳаж зиёратига отланганларга оқ йўл тилади.

Масжид ҳовлисида Ҳаж зиёратчилари учун ҳомий ташкилотлар томонидан тўкин дастурхон ёзилиб, ош тортилди.

Сафар олдидан зиёратчиларга Олтинсой тумани имом-хатиби Зикрилло Абсаломов ва “Аҳадхон” жомеъ масжиди имоми Маъруф Раҳмонқуловлар томонидан Ҳаж давомида бажариладиган амаллар, зиёратчилар риоя этишлари зарур бўлган қоидалар яна бир бор тушунтирилди.

 

— Яратганга ҳамду санолар бўлсинки, Президентимиз  Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида  минглаб ўзбекистонликлар  ўз фарзларини эмин-эркин бажариш бахтига мушарраф бўлишди,—дейди туманнинг “Наврўз” маҳалласидан Бакирхон Усмонов.—Зиёратга борувчиларга давлатимиз томонидан амалий ёрдам кўрсатилиб, қулай шароитлар яратиб берилганлигидан фуқаролар мамнун. Зиёрат давомида Ўзбекистонимизнинг равнақини, вилоятимиз ва туманимиз тараққиётини, тинчлиги ва халқимизнинг фаровон ҳаёти бардавом бўлишини сўраб, дуолар қиламиз.

   Кузатувчилар муқаддас Каъбатуллоҳ сари йўл олган  олтинсойликларга муборак Ҳаж амалларини бажариб, эсон-омон қайтишларини сўраб, дуога қўл очишди.

—Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, зиёратчилар Ҳаж сафари давомида Макка ва Мадина шаҳарларидаги барча шароитларга эга меҳмонхоналарда яшайдилар,—дейди Дин ишлари бўйича қўмитанинг Олтинсой туманидаги бош мутахассиси Абдиризвон Ғаниев.— Зиёратчилар бугун кечқурун соат 20-00да Термиз халқаро аэропортидан  Макка шаҳрига  жўнаб кетишади. Уларга тажрибали ва малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилишмоқда.

 

Нормурод ТЕМИРОВ,

Одилжон СОДИҚОВ .

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?