Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ ҲОКИМИ — ОЛТИНСОЙДА

 

Бугун, 20 май куни Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Олтинсой туманидаги “Ҳайрондара” маҳалласида бўлиб, ҳудудни ободонлаштириш ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ишларини кўздан кечирди.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги воҳамизнинг шаҳар ва туманларининг ҳокимлари дастлаб “Ҳайрондара” маҳалласидаги янги ичимлик суви таъминоти маркази билан танишдилар. Бу ерда уларни қишлоқ оқсоқоллари, аҳоли вакиллари хурсандчилик билан кутиб олдилар.

Янги ўрнатилган сув жўмрагидан зилол сув шарқираб отилиб чиқиши билан барчанинг чеҳрасига табассум югурди. Ахир, бу қишлоқ аҳли узоқ йиллардан бери ичимлик сувидан қийналиб келарди. Буни учрашувда сўзга чиққан аҳоли вакиллари тасдиқладилар. Негаки, қишлоқ ҳудудида ер ости сувлари бўлмаганлиги туфайли аҳоли ариқ сувидан фойдаланишга мажбур эди.

 

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан олис ва чекка ҳудудларнинг ҳам инфратузилмасини яхшилаш ишлари бошлангач, Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов “Ҳайрондара” маҳалласида бўлиб, аҳоли билан учрашди. Қишлоқда тўпланиб қолган бир қанча муаммоларни яқиндан ўрганиб, маблағ ажратди ҳамда вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Абдулҳаким Эшмуродов ва Олтинсой тумани ҳокими Баҳром Махматраемовларга қишлоқдаги муаммоларни ҳал этиш учун топшириқ бериб кетган эди.

Бу борада қишлоқда ободончилик ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди ва қисқа фурсатда кўп ишлар амалга оширилди.

— Тоза ичимлик сувини қўшни Денов тумани Даҳана қишлоғи ҳудудидан қувурлар орқали “Ҳайрондара”га тортиб келинди, — деди А.Эшмуродов. — Бундан аҳоли мамнун ва Юртбошимиз бошчилигида юртимизда рўй бераётган ҳаётбахш ўзгаришлардан барчанинг кайфияти чоғ бўлди. Қишлоққа янги трансформатор ўрнатилди. “Ойбарак” канали устидан ўтадиган омонат кўприк созланиб, сифатли таъмирланди. Маҳаллада бозорча, пойафзал таъмирлаш устахонаси, китоб дўкони қад ростлади.

Ички йўллар кенгайтирилиб, тошланиб, асфальт тўшала бошланди. Мактаб ва боғча янги қиёфа касб этди. Кўчаларга 70та замонавий симёғочлар ўрнатилди. Маҳалла бошқарув идораси янгидан сифатли таъмирланди.

Шу куни маҳаллада иш излаётган фуқаролар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Вилоят ҳокими билан аҳоли вакилларининг учрашуви жараёнида туман Маданият бўлими ходимлари томонидан куй ва қўшиқлар ижро этилди.

 

Шундан сўнг вилоят ҳокими “Янги турмуш” фермер хўжалигининг инновацион токзорларини бориб кўрди. Аҳмад Мажидовнинг порлоқ хотираси ёд этилиб, руҳига атаб “Қуръон” тиловат қилинди.

 

Фермер хўжалигида амалга оширилаётган ишлар семинар қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. Бугун “Янги турмуш” фермер хўжалигини бошқараётган Баҳриддин Мажидовга вилоятимиз ҳокими ишни янада ривожлантириш борасида тавсиялар берди.

 

Олтинсой туманида амалга оширилаётган ободлик ва бунёдкорлик ишларини кўздан кечирган воҳамиз раҳбари У.Қосимов тадбирда қатнашаётган ҳудудлар раҳбарларига ўзларининг туманларида ҳам ана шундай олисдаги эътибордан четда қолган қишлоқларни мана шундай тарзда обод этиш борасида қатъий топшириқлар берди.

 

Шу куни “Ҳайрондара” маҳалласидаги 34-сонли умумтаълим мактабида Олтинсой тумани ҳокими ўринбосари Хайрулла Қосимов ва туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Ўткир Қурбонов бошчилигида маънавий-маърифий ишларни янада ривожлантириш борасида кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда тумандаги барча мактабларнинг маънавий-маърифий ишларга масъул мутасаддилари ўзларининг кўргазмалари билан қатнашдилар.  

 
 
 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?