Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ ЁШЛАР СИЁСАТИ ВА СПОРТ  БОШ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИ ЎТКАЗИЛДИ

Бугун, 11 май куни Олтинсой туманидаги  18-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида Сурхондарё вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт  бош бошқармаси бошлиғи Абдумуталиб Арабовнинг сайёр қабули бўлиб ўтди. Унда тумандаги спорт мураббийлари, спортчи ёшлар ва ота-оналар вакиллари иштирок этди.

Дастлаб қабулни ўтказаётган А.Арабов воҳамизда спорт соҳасидаги ишлар ва Олтинсой тумани спорт мураббийлари олдида турган муҳим вазифалар борасида тўхталиб  ўтди. Марказдан олисдаги қишлоқ ва маҳаллаларда спорт тўгаракларининг фаолияти,  етишмаётган спорт анжомлари ва бошқа  муаммолар борасида масъуллар билан юзма -юз мулоқот олиб борди.

Бошқарма  бошлиғи, ўз сўзида, Олтинсойда енгил атлетика, волейбол, кураш ва бошқа спорт турлари бўйича яхши натижаларга эришилаётганига қарамасдан, ёшлар орасида спортнинг айрим турлари, хусусан, баскетболни оммалаштириш борасида етарлича иш олиб борилмаётганлигини танқид қилиб ўтди.

—Олтинсойда қизиқувчан ва иқтидорли  ёшлар кўп, — деди нотиқ. — Уларни ўз вақтида аниқлаб, қобилиятларини ривожлантирадиган фидойи мураббийлар керак. Қайси мураббий ўз ишига астойдил меҳр қўйса, пировардида катта натижаларга эришади. Биз  бугун жон куйдириб ишласак, келгусида Олтинсойдан ҳам Олимпиада чемпионлари чиқади.

Қабулда қатнашаётган Олтинсой Болалар ва ўсмирлар спорт  мактаби директори  Зубайдулла Юсупов бошчилигидаги барча  спорт мураббийлари ишда ўзгариш ясаб, спортнинг барча турлари бўйича чемпионлар  сафини янада кенгайтиришга ваъда беришди.

Қабул давомида  туманда спорт воҳасида эришилаётган яхши натижалар ҳам қайд этилди.  Бошқарма бошлиғи А.Арабов тумандаги 53-сонли мактаб ўқувчиси, яқиндагина енгил атлетика бўйича Тошкентда ўтган мусобақада фахрли 1-ўринни эгаллаб келган Баҳодир Бердиевни минбарга таклиф қилиб, унга аталган совғани ўз қўли билан топширди. Шунингдек,  бошқа спортчи  ёшларга ҳам футбол ва волейбол тўплари тақдим этилди. 

Қабул давомида бошқарма раҳбарига мурожаат қилган ёш спортчиларнинг мурожаатлари шу жойнинг  ўзида ҳал этилди. Жумладан, Карсагандаги  10-мактаб ўқувчиси Аслиддин Ҳасанов мактабларида спортнинг бир неча  турларидан тўгараклар борлигини, аммо унинг ўзи бокс турига қизиқишини билдириб, бу борада кўмак сўради. Бошқарма бошлиғи тумандаги бокс тренери  Ш.Абдуҳакимовга Аслиддинга  бир жуфт бокс  қўлқопи ва зарур спорт анжомларини етказиб бериш борасида топшириқ  берди. Шунингдек, агар Карсаганда боксга қизиқувчи ёшлар сафи кенгайса, мактабга бокс  тренери учун штат ажратишни ваъда берди.

 

Худди шундай тумандаги 14-мактаб ўқувчиси Ўткирбек Тошмуродов велоспорт билан шуғулланишга қизиқишини билдириб, мактаб учун спорт велосипеди ажратишни  сўради. Бу мурожаат  ҳам бошқарма  бошлиғи  томонидан ёзиб олиниб, тез кунларда  ҳал этиш борасида тегишли мутасаддиларга топшириқ  берилди.

Қабул давомида тренерлардан Фарҳод Мамарайимов, Хўшбоқ Йўлдошев ва бошқалар  ҳам сўзга  чиқиб,  ўзларининг  таклиф ва  мулоҳазаларини билдирдилар.

Эътиборли жиҳати, қабулни ўтказаётган бошқарма бошлиғи қабулда қатнашаётганларга мурожаат қилиб, исталган пайтда муаммо ва таклифлар билан шахсан мурожаат қилишлари учун ўзининг мобил телефон рақамини залдагиларга эълон қилди.

Қабул тугагач, спорт турлари бўйича яқин кунларда туманларда ўтказиладиган мусобақалар жадвали билан таништирилди. Жумладан, бадиий гимнастика  бўйича вилоят миқёсидаги мусобақа 29  май куни Олтинсой туманида  ўтказилиши маълум қилинди.  

А.ОДИНАЕВ.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?