Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
УЗУККА КЎЗ ҚЎЙГАНДЕК ЯРАШДИ

Янги иншоотлар

Серфайз «Қорлиқ» қишлоғининг донғи Доғистонгача кетган. Тавозели меҳмондўст одамлари, танга даво соф ҳавоси, яшил гилам қирлари барчада хуш таассурот уйғотади.

Бугун, 28 февраль куни Олтинсой туманининг «Қорлиқ» маҳалласида шу ерлик аҳоли учун бағоят хуш келган бир тадбир ўтказилди. Замонавий шаҳарлардаги каби барча шарт-шароитларни ўзида жам этган 150 ўринли 27-сонли мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросими бўлди.

Тадбирда Олтинсой тумани ҳокимининг ўринбосари Хайрулла Қосимов, туман Мактабгача таълим бўлими мудири Зокир Жўраев, «Қорлиқ» маҳалласи раиси Шавкат Зокиров, туман ҳокимининг «Қорлиқ» маҳалласидаги ёрдамчиси Комилжон Хўжанов, «Халқ ва ҳаёт» газетаси бош муҳаррири Нормурод Темиров, қишлоқ оқсоқолларидан Саид Розиқов, Нурилла Омонов, Қудрат Тиллаев, Исмоил Худойқулов, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан Олтинсой тумани ҳокимининг ўринбосари Хайрулла Қосимов маҳалла аҳлини муҳтарам Президентимиз ғамхўрлиги туфайли қишлоқда қад кўтарган муҳташам МТТ биноси билан табриклади ва бу гўзал масканда тарбия оладиган болажонларнинг келажакда баркамол вояга етишиши йўлида эзгу тилаклар билдирди.

Таъкидлаш жоизки, умумий лойиҳа қиймати 4,8 миллиард сўм бўлган, «Файз Истиқлол бунёдкори» МЧЖнинг қўли гул қурувчилари томонидан бунёд этилган бу кошона «Қорлиқ» маҳалласига олтин узукка феруза кўз қўйгандек ярашди.

Тадбирда қатнашаётган қишлоқ оқсоқоллари вакили Нурилла ҳожи бобо Омонов қишлоқ кўркига қўрк қўшган бундай ажойиб иншоот учун Юртбошимизни, вилоятимиз ва туманимиз ҳокимларини олқишлаб, эл-юрт тинчлиги ва равнақи йўлида эзгу дуога қўл очди.

Янги ишга тушган боғчада 35та янги иш ўрни яратилди. Маҳалла аҳлининг 150 нафар кичкинтойлари 5та гуруҳларга жам бўлиб, полларига гулдор гиламлар солинган хоналарга илк бора қадам қўйдилар.

Таъкидлаш керакки, боғчада ошхона, ётоқхона, кенг ва шинам зал, машғулотлар зали, бежирим чойшаб ва идиш товоқлар, хуллас  зарурий ашёлар мужассам ва муҳайё этилган экан.

Кекса авлод вакиллари боғчадаги неваралари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, ўзларининг ҳайратларини яширолмадилар ва янги Ўзбекистонда яратилаётган ободликлар учун шукроналар айтишди.

—Боғчамиз эрталаб 8дан кечки 17гача ишлайди,—дейди   янги боғча мудираси Юлдуз Маҳмудова, — Тарбияланувчиларга тўрт маҳал овқат қилиб берилади. Яратилган барча шарт-шароитлар учун давлатимизга мингдан минг раҳмат. Келгусида боғча ҳовлисига ёндош кенг майдонда кўчатлар экилиб,  соя салқин боғ яратиш ниятидамиз.

Баҳор эшик қоқиб турган кезда ишга туширилган 27-сонли боғча биноси “Қорлиқ” қишлоғининг ҳар йили Наврўз байрами ўтказиладиган Наврўзсойга борадиган йўлнинг шундоққина ёқасида қад тиклаган экан. Назаримизда бунинг ҳам бир рамзий маъноси бордек туюлди. Қалбда эзгу  туйғулар тошиб, «Янгиланиш, яшариш, рўшнолик ва ободлик “Қорлиқ”ни асло тарқ этмасин!» дедик.

     Тадбир иштирокчилари  ёзилган тўкин дастурхон атрофида ош тановвул қилишди, сўнгра қизғин суҳбатлар мавзуси Янги Ўзбекистондаги  янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақида  узоқ давом этди.

А.ОДИНАЕВ,

О.СОДИҚОВ.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?