Бугун,13 январь куни Олтинсой туманидаги 15-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида туман ҳокимининг навбатдаги қабули ўтказилди. Қабулда тумандаги маҳаллаларнинг ҳоким ёрдамчилари, корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.
Мурожаат билан келган фуқароларни Олтинсой туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Қ.Сафаров қабул қилди.
Қабулда дастлаб мурожаат қилган “Мингчинор” маҳалласида яшовчи Анвар Бердиев ерни давлат кадастри рўйхатидан ўтказиш, “Оқарбулоқ” маҳалласидан Фотима Дўстмуродова фарзандини даволатиш, “Мўминқул” маҳалласида яшовчи Марварид Холбоева иссиқхона қуришда субсидия ажратиш, “Обшир” маҳалласидан Бахтиёр Бозоров томорқа учун ер ажратишда кўмак сўраб, мурожаат қилишди.
Фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Фарзандини даволатиш бўйича мурожаат қилган Фотима Дўстмуродовага туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Мираҳмад Раҳмоновга амалий ёрдам бериш юклатилди. Томорқа учун ер ажратишни сўраган Бахтиёр Бозоровга аукцион орқали ўша ҳудуддан ер олишида ёрдам бериш маҳалладаги ҳоким ёрдамчисига топширилди.
Бир сўз билан айтганда, қабулга мурожаат билан келган фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топилганидан мамнун бўлиб қайтишди.
Н.Темиров,
О.Содиқов.