Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
ВАТАН  ПОСБОНЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР

Бугун, 12 январь куни Олтинсой тумани марказида жойлашган Давлат хизматлари биноси олдидаги катта майдонда туман ҳокимлиги, туман маънавият ва маърифат бўлинмаси,туман Мудофаа  ишлари бўлими  ҳамкорлигида Ўзбекистон Pеспубликаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 30 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда бошловчилик қилган Олтинсой туман маданият бўлими ходими Мақсуда Маҳматқулова томонидан сарҳадларимиз посбонларига, Ватан ҳимоячилари-ҳарбийларга  бағишланган шеърлар ўқилди.

Тадбирда  дастлаб сўз олган Олтинсой тумани ҳокими ўринбосари Хайрулла Қосимов тадбир иштирокчилари ва туман аҳлини 14 январь—Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 30 йиллиги билан қизғин табриклади.  Нотиқ ўз нутқида Президентимиз раҳнамолигида миллий Армиямиз куч-қудрати йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётгани, бугунги кунда Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг муқаддас орзусига, шон-шараф ишига айланганлигини алоҳида таъкидлади.  Шу боисдан ҳам туманимиздан ҳар йили юзлаб йигитлар ҳарбий хизматга танлов асосида юборилмоқда,  деди Хайрулла Қосимов.

Шундан сўнг Олтинсой туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Шербек Ниязов табрик учун сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг 2021 йил 1 декабрдаги Фармонига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 30 йил” эсдалик нишони таъсис этилгани  ватанимиз сарҳадларини қўриқлаётган посбонларга, ҳарбийларнинг самарали хизматларига бўлган чуқур эҳтиром ифодаси эканлигини айтиб ўтди.

 

Қўшни тумандан тадбирга ташриф буюрган Н-қисм ҳарбийлар етакчиси, майор Рустам Абдураҳимов тадбир иштирокчиларини табриклар экан, халқимиз осойишталигини таъминлашда қисм ҳарбийлари доимо ҳушёр ва ўз постларида сергак эканликларини баён этди.

    Шундан сўнг давлатимиз мадҳияси янгради.

Тадбирда Н-қисм Фахрий қоровул бўлинмасининг  чиқишлари, ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмалари ёшларда ва иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди. Айниқса, Н-қисм ҳарбий оркестри  солистлари Ғаффор Саидов ҳамда Ҳасан Султоновлар ижросидаги  Ватан, армия ҳақидаги куй ва қўшиқлар  барчага кўтаринки кайфият бағишлади.  Тадбирда Олтинсой туман маданият бўлими  санъаткорлари томонидан тайёрланган  концерт дастури намойиш этилиб, Ватанни, тинчликни, шу бебаҳо неъматни кўз қорачиғидай ҳимоя қилаётган миллий Армиямиз, юртимизнинг мард ва жасур ҳарбий ўғлонларини мадҳ этувчи куй-қўшиқлар байрам шодлигига шодлик қўшди.

Ҳақиқатан ҳам  бу ҳар қанча улуғланса арзийдиган байрам. Боиси, мустаҳкам ва жанговар миллий армиямиз бор экан – халқимизнинг кўнгли  доимо хотиржам.

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?