Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Коррупция –жиноятлари.

Коррупция инсонни турли хил йўл билан ўз домига туширадиган иллатлардан биридир. Бу иллат инсоннинг инсонийлик сифатларига путур етказади, унинг фикрлаш тарзи ва савиясини салбий томонга ўзгартиради. Порахўрлик ўзгалар ҳақини ноҳақ ейиш ҳаромдан ҳазар қилмаслик каби иллат инсонни тубанлаштиради ва ҳалокатга етаклайди. Бу каби иллатга қарши курашмоқ лозимдир.

 Коррупция сўзининг луғавий маъноси аслида “бузмоқ” деган маънони билдиради. Инсонга берилган ваколатларни ўзининг шахсий манфаатларини кўзлаб, қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишни англатади. Инсоннинг ўз манфаатларини устун қўйиб, ўз вазифасини суиистеъмол қилиши, ўзгалардан таъмагирликни кўзлаши, давлат мулкидан ноқонуний фойдаланиши, қонун олдида жавобгар бўлиши билан бир қаторда динимизда ҳам қаттиқ қораланади.

Ота-боболаримиз ўзгалар молини ноҳақ ейишдан қаттиқ ҳазар қилишган. Ҳадисларда ҳам порахўрлик қаттиқ қораланади. Имом Бухорий ҳадисларида шундай дейилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш учун олса, Аллоҳ Таоло унинг ўзига ҳам талофат етказади”.

Порахўрлик аслида таъмагирликдан келиб чиқади. Таъмагирлик- манфаат йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаслик, инсонийлик шаънини таҳқирлайди ва ғурурини топтайди. Таъма йўлига кирган инсон ҳеч нарсадан тап тортмайди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий таъмагирнинг феълини “еб тўймаснинг овқатга ўчлиги”га ўхшатади. Бу ҳақда Аҳмад Яссавийнинг шундай байти мавжуд:

Нафсим мени йўлдин уриб хор айлади,

Термултириб халққа мени зор айлади,-

деганида, таъма орқали келиб чиққан хорликни ҳам эътиборга олган. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий “Таъмада разиллик ва уқубат бор”, дея бежизга таъкидламаган. Шу разилликлардан айримлари қуйидагилар: Таъма, энг аввало, эътиқодга шикаст етказади. Унинг таъсирида инсон поклигидан, виждон холислигидан ажралади. Охир-оқибат ҳамма нарсани фойда қаричи билан ўлчайдиган бўлиб қолади. Кимда таъмагирлик туйғулари мавжуд бўлса, бундай инсонда самимийлик бўлмайди. Навоий таъмагир инсонни гадодан ҳам тубан билади:

Бировки, таъма риштаи қилгуси,

Унинг бирла бўғзидан осилгуси.

Ўз-ўзидан савол туғилади. Инсон таъмасиз кун кечириши мумкинми? Албатта, мумкин. Ҳалол меҳнат ва заҳмат одам қалбини таъма ҳисларидан тинимсиз поклайди. Бунинг учун инсон ўз маънавиятини янада кучайтириши лозим. Навоий бунга мисол тарзида қуйидаги байтни келтиради:

Сен агар тарки таъма қилсанг, улуғ ишдир буким,

Олам аҳли барча бўлғай бир тараф, сен бир тараф,-

Шоир бу улуғ натижага эришиш учун қалбини пок тутиш лозимлигини таъкидлайди. Таъма, порахўрлик бир-бирига яқин тушунчалар бўлиб, буларнинг кушандаси ақл ва доноликдир.

Буюк шоиримиз Абдураҳмон Жомий ўз асарида таъмагир инсонни итдан-да тубан деб таъкидлайди. Эрта-ю кеч инсоннинг камолоти учун қайғурган, унинг одамийлик фазилатларини авайлаб муҳофаза қилган, ҳар бир шахс сиймосида Ватаннинг иқтидорли фарзандларини кўрмоқ истагида бўлган Алишер Навоий порахўрлик, таъмагирлик тўғрисидаги ҳар бир танқидий сўзи билан ўз қадрини поймол қилган кишиларга қарши тургани шубҳасиздир. Инсон бор нарсага қаноат қилиш орқали хотиржамликка эришади. Ҳар жиҳатдан ўзини фориғ тутса, хотиржам бўла олади. Шунинг учун ҳам шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу ҳақда ўз асарларида айтиб ўтган. Ҳар нарсага қаноат қиладиган киши биров берган хазинадан заҳмат тортиб меҳнат билан топган чақасини минг марта зиёд деб билади. Ва шу олийжаноблиги ва камсуқумлиги билан устун туради.

Коррупция мамлакат тараққиётини ортга суриб, келажакни хавф остида қолдиради. Ривожланиш ва тараққиёт йўлини танлаган инсон, энг аввало, коррупция, таъмагирлик, порахўрлик каби салбий иллатларга қарши муросасиз кураш олиб боради. Акс ҳолда бундай ёмон иллат томир отишига йўл қўйиб берилса, ўша жойда тараққиёт ва ривожланиш бой берилади.

Коррупция тушунчасининг пайдо бўлиши жуда қадимга бориб тақалади. Баъзи маълумотларга кўра қабилада маълум даражага эга бўлиш учун совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ҳадисларда бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан пора қилиб узатмангизлар деб бежизга айтилмаган.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, коррупция-тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Коррупция, порахўрлик ва таъмагирликка нафрат, одамни эса маънан ва руҳан юксалтиради. Қаноатли инсонда эса эзгу хислатлар мужассамлашади. Доноларимиз бежизга “Қаноат бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди: у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди”-дейишмаган. Шундай экан, инсон ўз умри давомида умр йўлини ҳалол меҳнат ва ҳалол ризқ билан ўтказмоғи лозим. Ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржамлик билан ўтказишда асосий омилдир. Унинг ҳаётини безаб турадиган асосий сифатлардан бири бу -ҳалолликдир.

 

 

 Жиноят ишлари бўйича

Олтинсой туман судининг раиси    

                                         К.Назаров

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?