Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
“УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ” БЎЛИБ ЎТДИ
 

 

Бугун, 15 декабрь куни Олтинсой туманидаги “Океан” тўйхонасида секторлар кесимида ўтказилаётган нуроний отахон ва онахонлар, меҳнат фахрийлари ва ёшларнинг “Уч авлод учрашуви” тадбирларининг навбатдагиси бўлиб ўтди.

 

Ўзининг фидойи меҳнати билан бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга пойдевор қўйган кекса авлод вакиллари билан қалби қайноқ ёшларнинг самимий мулоқотига айланган ушбу маданий-маърифий тадбирда Олтинсой тумани ҳокими Алишер Джумаев сўзга чиқиб, бугунги учрашув тадбири ва яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан барчани қизғин табриклади.

 

Туман раҳбари ёшларга мурожаат қилиб, кекса авлод вакилларидан қимматли тажрибаларини, эътиборли бўлишни, меҳр-оқибатни ўрганишга даъват қилди. Шундан сўнг нотиқ юртимизда ва туманимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, туман ёшларининг мамлакат миқёсидаги танловларда эришаётган ютуқлари борасида фахру ифтихор ила сўзлади.

 

Учрашувда туман раҳбари ва масъул раҳбарлар томонидан “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамюртларимизга аталган қимматбаҳо совғаларни тантанали тарзда ўз эгаларига топширилди.

 

Тадбирда сўзга чиққан меҳнат фахрийлари, элда ҳурмати баланд бўлган отахон ва онахонлардан маориф фахрийлари Исмоил Алимардонов, Зулайҳо Иброҳимова, ёшлар вакили бўлган “Хидиршо” МФЙ ёшлар етакчиси Мирзоҳид Шойимов ва бошқалар муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бошланган ушбу хайрли тадбир жамиятимиз ижтимоий ҳаётида ёшлар ва кекса авлодни боғловчи кўприк вазифасини бажараётганлиги, юртимиз жадал ривожланиш ва тараққиёт йўлидан бораётгани, бугунги кун ёшларига берилаётган имкониятлар, шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Уч авлод вакиллари бир пиёла чой устида ширин суҳбат қурдилар.

Учрашувда фахрийлар ва нуроний отахонлар ёшларга ўзларининг қимматли маслаҳат ва ўгитларини бердилар. Учрашув қатнашчилари бугунги дориломон замон, тинч-осойишта турмушимиз учун шукроналар айтишди. 

Туман Маданият бўлимининг хушовоз хонандалари томонидан ижро этилган дилтортар тароналар учрашув иштирокчиларини рақсга чорлади. Тадбир иштирокчилари шўх куй ва тароналарга рақсга тушдилар.

А.ОДИНАЕВ,

О.СОДИҚОВ,

Г.АБДУЖАЛИЛОВА.

 
 
 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?